Греция “мисли кўрилмаган” фалокат билан курашмоқда
Кеча Грециянинг Афина шаҳри яқинидаги бир неча маҳаллада ҳалокатли ва тез тарқаладиган ўрмон ёнғини авж олиб, мамлакат кўп қиррали қутқарув ишларини бошлаб юборди.
Аланга пойтахт шимолидаги Варнавас шаҳри яқинида бошлангач, Миллий ёнғин хизмати Фавқулодда вазиятлар бошқармаси кичикроқ нуқталарни ўчиришга эришди.
Маҳаллий “ERT” телеканали хабарига кўра, Афинадан 8 километр шимоли-шарқда жойлашган Чаландри шаҳридаги бино ичидан куйган таналар топилган.

Айни пайт ёнғинни бартараф этиш учун 200 га яқин ўт ўчириш машинаси ва 35 та сув пуркагич самолёт сафарбар этилган. Шунингдек, Франция, Италия, Чехия, Сербия, Руминия ва Туркиядан ёрдамчи кучлар қутқарув ишига кўмаклашяпти.
– Ёнғин тезлиги юқорилиги ва кучли шамол сабаб вазият янада таранглашмоқда, – деди мамлкат иқлим инқирози ва фуқаро муҳофазаси вазири Вассилис Кикилиас.

Телевидение янгиликлар дастури ёнғин уйлар яқинида давом этаётганини намойиш қилган. Баъзи ҳовлилар бутунлай ёниб кетган, лекин айримлар яшаш жойини тарк этишга шошилмаяпти. Аксинча, кўпчилик уйини сақлаб қолишга уриняпти.

Расмийлар душанба куни ўрмон ёнғини Афинадан 16 километр шимоли-шарқда жойлашган Пентели томон “катта тезлик” билан ўрлаётганидан огоҳлантирди. Тоғ этагида жойлашган бу ҳудуднинг асосий қисми ўрмон билан қопланган.

– Афсуски, олов 1842 йил очилган Миллий обсерватория институти биносига ҳам хавф туғдирди, – дейди мустақил тадқиқотчи Теодор Жаннарос.

Ўлкада июнь-июль ойларида рекорд даражада иссиқ кузатилли. Ҳукумат бу ёз ўн марталаб офатга қарши курашди. Жазирама пайти Грецияда ўрмон ёнғини тез-тез учраса-да, иқлимшунослар таъкидлашича, глобал исиш ва қуруқ об-ҳаво ўтни янада авж олдирган.

Маҳаллий аҳоли даҳшатли ва тилсиз ёвдан қочиш учун курашаётган ҳайвонлар тақдиридан хавотирда. Расмийлар иттифоқчиларни қутқарув ишида мамлакатни қўллаб-қувватлашга чақирмоқда.

– Худонинг раҳм-шафқатидан умидвормиз, – дейди маҳаллий аҳоли вакили юнон телеканалига берган интервьюсида.
Бир чорвадор эса 100 бош эчкиси ва итлари тақдиридан хавотирда.
– Жониворларим жон бераётганини эшитдим, – деди у чуқур қайғу билан.
– Вазият жуда оғир, олов наъра тортаётганга ўхшайди, – дейди ҳолдан тойган ўт ўчирувчи телевидение мухбирига.
“Reuters” ахборот агентлиги хабар беришича, бир фуқаро ёнғиндан қочишга уриниб, машинасини қарағай дарахтига урган.
– Бўғувчи тутун сабаб, йўлда ҳеч нимани кўролмадим, кўзларим ёшланди, ҳатто нафас олишга қийналдим, – дейди у қонаётган тирсагини кўрсатиб.
Шу кунларда соғлиқни сақлаш ва фавқулодда вазиятлар ходимлари куйган, нафас йўли аъзолари жароҳатланган 13 фуқаро ва икки ўт ўчирувчига тиббий ёрдам кўрсатишди.

Соғлиқни сақлаш вазири Адонис Жоржидис сўзларига кўра, Пентели шаҳридаги касалхонадан ўнлаб болалар эвакуация қилинган. Айрим турар-жой биноларидан ҳам аҳоли кўчирилиши талаб қилинди.
Грециядаги айни вазият бу йил ҳам ўтган ёздагидек кучли ёнғин такрорланиши мумкинлигига ишора қилмоқда. Ўшанда олов бир неча орол, жумладан “Афина ўпкаси” номли йирик ўрмонли миллий боғни қамраб олган эди.
“CNN” хабар беришича, сўнгги пайт Грецияда ғойиб бўлганлар сони кўпайиши ҳам ҳаддан ташқари иссиқ билан боғлиқ бўлиши мумкин. Сабаби, июнь ойида бир неча сайёҳ сайрга чиққач, йўқолган ва кейинчалик мамлакатнинг бошқа ҳудудларида жонсиз ҳолда топилган.
Ўткир Алимов, ЎзА