Грант лойиҳаси: истиқбол ва самара
Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги ННТларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан “Бухоро ёшлари” газетасининг “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” лойиҳасига 40 миллион сўмлик грант ажратилган эди.
Бухоро ёшлар марказида "Buxoro yoshlari" газетасининг "Мустақиллик йилларида мамлакатимизда турли соҳаларда эришилган ютуқлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш" дастури асосидаги "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" грант лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар бўйича матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда лойиҳа бщйича батафсил маълумот берилди.

– Бугун босма нашрларнинг яшаб қолиши учун жуда мураккаб вазият бўлишига қарамай, газетани асраб қолиш, эртанги кунини ярата олиш учун кичиккина жамоамиз билан бир тану бир жон бўлдик, – дейди газета муҳаррири Лайло Ҳайитова. – Газетамиз ёшлар нашри бўлгани учун ҳам лойиҳа мақсади нашр моддий-техник базасини кучайтиришдан ташқари, кўпроқ ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Таҳририятимиз иккинчи бор давлат грантига эга бўлмоқда. 2017 йилда шундай грант лойиҳасини муваффақиятли амалга оширганмиз. Кутилмаган "сюрприз" ларимиз юзлаб ёш ижодкорларни таҳририят атрофида бирлаштирган. Жорий лойиҳамизда эса янада юксакроқ мақсадларни илгари сурганмиз.
Лойиҳанинг мақсади ёшлар ва аҳолини демократия, тараққиёт ва равнақ, тинчлик, ҳамкорлик, яратувчанлик, эркинлик ва фаровонлик тамойилларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишга, шукроналикка чорлашдан иборат. Шунингдек, халқимиз янги ҳаёт, янги жамият асосларини қураётган ҳозирги даврда одамларни турли хатарлардан огоҳ этиш орқали фаолликка ундаш, ҳозирги кун ёшларининг ижтимоий бефарқлиги ошиб бораётганига сабаб бўлувчи омилларни аниқлашдир. Ўқувчи ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар салмоғининг ошиб бораётгани сабабларини ўрганиш ҳамда уларнинг олдини олиш учун амалий ишларни бажариш кўзда тутилган.

– Лойиҳа доирасида барча оммавий ахборот воситалари орқали мустақиллик йилларида мамлакатимиз ва Бухоро вилоятида турли соҳаларда эришилган ютуқлар тарғиботи кучайтирилади, – дейди газета муҳаррири Лайло Ҳайитова. – Натижада кенг жамоатчилик хабардор қилинади. Бу ўз-ўзидан ёшлар ва аҳолининг мустақилликка бўлган шукронаси ошириб, эркин ва фаровон жамиятга бўлган ишончини оиширади. Бу эса кўпгина нохуш воқеаларнинг, жумладан, турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга, одамларда қонунларга ҳурмат ҳисси шаклланишига хизмат қилади.
Лойиҳани амалга ошириш учун Бухоро вилояти ҳокимлиги, Президент админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят ИИБ, вилоят прокуратураси, Бухоро ҳарбий горнизони, Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси, Адлия бошқармаси, вилоятдаги олий таълим муассасалари, вилоят "Авлодлар истиқболи" ёшлар ахборот маърифат маркази, "Бухоро" вилоят телерадиокомпанияси, "Истиқлол" телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, "Buxoro kitob olami" савдо мажмуаси ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.


Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ва блогерлар томонидан берилган саволларга тўлиқ жавоб берилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА