Грант лойиҳалари наф келтирмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловларида қатнашиб, ғолиб бўлган Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими ҳудудлардаги олти нафар, шу жумладан, Косонсой туманида истиқомат қилувчи тўрт беморнинг жарроҳлик амалиётларини ўтказилишида яқиндан кўмаклашмоқда.
Даставвал, беморлар Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тавсиясига асосан тиббий кўрикдан ўтказилди. Улар вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида операция қилинади.

Хусусан, Косонсой тумани Замондош маҳалласи, “Янги авлод” кўчаси, 48-уйда яшаб келаётган 2003 йилда туғилган Сожида Акрамовани суяк емирилиши касаллиги бўйича даволаш ва эндопротез қўйиш жарроҳлик амалиёти ўташида ёрдам бериш кўзда тутилган эди. Эътиборлиси, беморни жарроҳлик столига ётиши учун зарур бўлган маблағларни Олий Мажлиси ҳузуридаги фонд орқали ажратиб берилди.

Жарроҳлик амалиёти ўтаган 22 ёшли аёлнинг хонадонига парламент ҳузуридаги жамоат фонди масъул ходими Жаҳонгир Иброҳимжонов, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, Косонсой туман ҳокимлиги мутасаддилари келиб, беморнинг саломатлиги билан қизиқишди.

– Касаллик бошланганда тушкунликка тушиб қолдим, сабаби операция харажатлари, унга керак бўладиган эндопротез, қолаверса, муолажа учун дори-дармон ва шифохона тиббий хизматини тўлашга пулимиз етмасди. Шунинг учун Косонсой тумани ҳокимлигига йўллаган мурожаатим бесамар кетмади, “Маҳалла” фонди ходимлари йўқлаб келишди. Туман ва вилоят шифохоналарида тиббий кўрикдан ўтказиб, операцияга зарур барча чораларни кўришди. Яқиндагина, вилоят шифохонаси травматология бўлимида малакали жарроҳлик амалиётини бошдан кечирдим. Қўли енгил шифокорлар ва саховатпеша фондга раҳмат, ҳозир ўзимни касалликни унутгандек ҳис қиляпман, – дейди Сожида Акрамова.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.