Грант ғолибларига сертификатлар топширилди
Бухоро шаҳридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва Дўстлик уйида Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Ижтимоий шериклик комиссиясининг қарорига асосан “Маҳаллаларда аҳоли билан олиб бориладиган ишларда ижтимоий шерикликни кучайтириш” 2- ҳамда “Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда жамоатчилик назоратини амалга ошириш” мавзуларидаги 3-давлат гранти танловлари ғолибларига сертификатлар топширилди.
Унда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик комиссиясининг аъзолари, жамоат фонди ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, миллий маданият марказлари раҳбарлари, грант танловлари ғолиблари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

–Вилоят жамоат фондига жорий йилда 1 миллиард 50 миллион сўм маблағ ажратилди, – дейди Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди бош мутахассиси Мунира Саъдуллаева. – Ушбу маблағ давлат гранти кўринишида ажратилиши белгиланган.

Ижтимоий шериклик комиссиясининг қарорига асосан, 2-3-танлов мавзулари эълон қилинган эди. Тақдим этилган лойиҳалар комиссия аъзолари томонидан тегишли тартибда кўрилди. Ушбу танловга 35 га яқин ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан лойиҳалар қабул қилинди. Ижтимоий шериклик комиссияси ўрганишлари натижалари юзасидан муҳокамалар ўтказилди. Комиссия қарорига кўра лойиҳалар маъқулланди. Ҳар бир лойиҳага 60 миллион сўмдан маблағ ажратилди.
Ғолибларга сертификатлар топширилди. Йиғилишда халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик комиссияси раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абира Ҳусейнова қатнашди.
Зариф Комилов
ЎзА мухбири