Гўзалликдан — санъат асаригача: либослар дизайнерларининг устози
Устозлик — энг олий мақом. Бу мақомга эришиш учун инсондан метин ирода, тоғдек сабр, фидойилик ва жонкуярлик ҳамда катта масъулият талаб этилади. Зеро, устозларнинг фидойилиги ва ўрганган илми билан ёш авлод камолга етади, маълум бир соҳанинг эгаси бўлиб чиқади. Шунинг учун ҳам ҳар бир соҳанинг замирида устоздан олинган билим ва тажрибалар ётади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 сентябрдаги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони билан бир қатор таълим фидойилари турли даражадаги давлат мукофотларига сазовор бўлдилар.

Бундай юксак эътирофга, эътиборга лойиқ деб топилган таълим соҳасининг ҳар бир вакили юртимизда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисидир. Улар ўқув-тарбия жараёнида миллий ва илғор хорижий тажрибаларни қўллаган ҳолда, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиб, ўқувчиларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиб келмоқда. Ўғил-қизларимизнинг интеллектуал салоҳиятини, тафаккурини, касб-ҳунарлар бўйича кўникмаларини юксалтиришга ҳисса қўшаётир.
Улар орасида П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг либослар дизайни фани ўқитувчиси Гулчеҳра Алимова ҳам бор.
“Тарихий – театр либослари санъати” кафедраси мудири Гулчеҳра Алимова дизайнерлик йўналишида ёшларга бераётган билими, илғор тажрибалари, соҳадаги ютуқлари инобатга олиниб, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. У давлатимиз томонидан кўрсатилган бу юксак эҳтиромни шараф ва масъулият деб билади.

— Президентимиз фармонига кўра, Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан тақдирланганимдан жуда мамнун бўлдим, — дейди Г.Алимова. — Бу биргина менинг ютуғим эмас, балки бутун жамоамизнинг, мактабимизнинг ютуғидир. Чунки бунда жамоадошларимнинг ҳам катта ҳиссаси бор. Барчамиз биргаликда ишлаймиз, янги методикалар устида иш олиб борамиз. Ҳозирда янги дарслик яратиш устида иш олиб боряпман. Қолаверса, кўргазмалар, либослар намойишини ташкил этиш, янгиликлар яратиш устида изланяпмиз. Бу билан шогирдларимизнинг ўз касбига бўлган меҳрини, қизиқишини оширишни мақсад қилганмиз. Мактабимиз ўқувчиларини доим санъат, ижод йўналишида фидойи бўлишга, ўз устида мунтазам ишлашга, янги асарлар яратишга чорлаймиз. Албатта, уларнинг бугун олаётган билим ва кўникмалари катта ҳаёт йўлида йўл кўрсатувчи маёқ бўлади. Давлат мукофоти ёшларга бераётган таълим-тарбиямизда бизга янада куч бағишлайди ҳамда ўз ишимизга нисбатан масъулиятимизни оширади, ўқувчиларимизга бўлган эътиборимизни янада кучайтиришни тақозо этади, — дейди Гулчеҳра Алимова.
Дизайнерлик — гўзаллик ва нафислик, йўқдан бор қилиб гўзаллик яратиш, нозик дид билан ишлаш, ўзаро уйғунликдаги санъат асарини юзага чиқаришдир. Бунинг учун инсонда юксак маҳорат ва иқтидор бўлиши лозим. У доим гўзалликни ҳис қила олиши, ҳар бир ишга ижодий ёндаша билиши зарур.
Гулчеҳра Алимова ҳам шогирдларига раҳбарлик қилиб, улар билан биргаликда санъат асари даражасидаги либосларни яратишади. Ана шундай намуналар билан кўплаб танлов, фестиваль ва мода ҳафталикарида иштирок этиб, юздан ортиқ либосларни намойиш қилиб келмоқда. Жумладан, шу йил бўлиб ўтган “Uzbekistan Fashion Week-2022” мода ҳафталигида турли тарихий ҳамда театрга мўлжалланган либослар билан қатнашиб, совринли ўринларга муносиб бўлдилар.

Бундан ташқари, 2022 йили санъат ҳафталигида иштирок этиб, олтин медаль билан тақдирланди. Гулчеҳра Алимова раҳбарлигидаги ўқувчилар яратган коллекциялар халқаро кўргазма ва танловларда ҳам алоҳида эътироф этилиб, юқори натижаларга сазовор бўлган.
Масалан, Россия (Санкт-Петербург) ва Италия (Милан)да ўтказилган халқаро кўргазмаларда мактаб ўқувчилари устозлари билан яратган либосларини намойиш қилиб, юқори ўринларни эгаллаб қайтдилар.
Устоз учун шогирдларининг юксак натижалари энг катта мукофотдир. Гулчеҳра Алимова ҳам шогирдлари, мактаб ўқувчиларининг ютуқларидан доим қувониб, фахрланиб юради. Мактаб битирувчиларининг барчаси олий ўқув юртларига ўқишга киргани, кўргазма ва фестивалларда юқори ўринларга муносиб кўрилаётгани унга шараф ва фахр туйғуларини бағишлайди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА