“Гўзал Сичуанга хуш келибсиз!”
Пойтахтимизда Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва Хитой Халқ Республикасининг Сичуань провинцияси хориж билан дўстлик халқ жамияти ҳамкорлигида “Гўзал Сичуанга хуш келибсиз!” номли кўргазма ҳамда маданий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирга қўмита раҳбарияти ва мутахассислари, Сичуань провинцияси делегацияси аъзолари, мамлакатимиздаги турли вазирлик ва идораларнинг вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.
Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов мамлакатимизда жаҳоннинг барча давлатлари, шу жумладан, Хитой Халқ Республикаси билан ўзаро дўстлик, ишонч ва самимиятга асосланган алоқалар йўлга қўйилганини ва бу муносабатлар муттасил равнақ топиб бораётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин томонидан илгари сурилаётган янги ташаббуслар ўзаро ҳамкорлигимизда янги саҳифалар очаётгани эътиборга моликдир.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда Ўзбекистон – Хитой дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани маърифий тадбирда алоҳида эътироф этилди.
[gallery-20132]
“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасидаги самарали мулоқотлар, шу жумладан, минтақада муҳим инфратузилмавий лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани халқларимиз ҳаётининг янада фаровонлашувига, тараққиётга хизмат қилмоқда.
Жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари фаолияти, қардош халқлар даражасидаги алоқалар, ижтимоий сиёсий акциялар, халқаро ноҳукумат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга доир ташаббуслар халқларимизни тобора яқинлаштириш, дўстликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Сичуань Хитойнинг ўзига хос маданият, илм-фан, таълим, инновациялар марказидир, – деди Сичуань провинцияси хориж билан дўстлик халқ жамияти раиси Лю Цюаньшэнь. – Бу каби маърифий тадбирлар Ўзбекистон халқининг Чин диёри билан яқиндан ва янада осонроқ танишувида муҳим аҳамият касб этади.
Хитойнинг марказий қисми жанубида жойлашган Сичуань провинцияси мамлакат иқтисодиёти, саноатида ўзига хос ўрин тутади. 83 миллиондан ортиқ аҳолига эга бўлган ушбу вилоят саноат, энергетика, темир ӣўл ва автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги, фармацевтика, инновацион технологиялар каби соҳаларда етакчилик қилиб келмоқда. Айни пайтда ғоят гўзал ва бетакрор табиати, қадимий анъаналари, урф-одатлари билан ушбу ҳудуд жаҳон сайёҳларининг меҳри ва эътиборини қозонган.
– Охирги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тобора кенгаймоқда, – деди Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси маданият масалалари бўйича маслаҳатчиси Чи Жунлинь. – Ўзбекистондаги янгиланиш жараёнларининг шиддат билан кечаётгани халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Айни пайтда икки мамлакат ўртасидаги бундай ҳамкорлик сайёҳлик оқимининг кескин ортишида ҳам муҳим омил бўлмоқда.
Маърифий тадбирда Сичуань вилоятидаги Чэнду, Цзигун, Мяньян, Дуцзяньянь каби қўҳна шаҳарлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Хитой опера, томоша санъатидан намуналар, ўзбек халқ рақс ва қўшиқлари маърифий тадбирга ўзгача файз бағишлади. “Гўзал Сичуанга хуш келибсиз!” номли маърифий тадбир дўстлик ва ҳамжиҳатлик, санъат байрамига айланиб кетди. Дарҳақиқат, мазкур тадбирда қатнашган ҳар бир ҳамюртимизда гўзал ва бетакрор Сичуань вилоятига бориш, унинг мафтункор табиатидан баҳра олиш орзуси туғилгани аниқ. Хитойнинг ушбу вилояти делегациясининг юртимизга ташрифи доирасида Самарқанд шаҳрига саёҳат ҳамда бир қатор йўналишлар бўйича меморандумлар имзоланиши кўзда тутилган.
Назокат Усмонова,
Рустам Назарматов (сурат),
ЎзА