Ғўза парваришидаги муҳим вазифалар
Президент ҳузуридаги Пахтачилик Кенгаши раиси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда мазкур кенгаш аъзолари Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида бўлиб, ғўза парвариши жараёни билан танишди.
Туман ҳокимлиги, фермерлар, пахтачилик кластери раҳбарлари билан суҳбатлашиб, кечиктириб бўлмас вазифалар юзасидан фикр алмашилди. Жумладан, экин майдонларида амалга оширилаётган агротехник тадбирларда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги, касалликларга қарши биологик кураш, ғўзани ўғитлашдаги меъёр ва талаблар борасида таклифлар берилди.

– Айни кунларда ғўзалар вегетацияси авж паллага кирди. Бугун тўғри ва оқилона амалга оширилган ҳар бир ишлов эртанги мўл ҳосил гаровидир, – дейди Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири, қишлоқ хўжалик фанлари доктори Яшин Бобоев. – Асосий мақсад – ғўза парваришида минерал ва биологик ўғитлардан фойдаланишга илмий ёндашиш, ҳар бир контурдаги тупроқ таркибига қараб турлича парваришни йўлга қўйиш, агротехник тадбирларни нав муаллифлари билан келишган ҳолда амалга оширишга ўтишимиз керак. Бу орқали харажатларни камайтиришга, ҳосилдорликни ошириш, ер унумдорлигини сақлаш ва даромадни кўпайтиришга эришиш мумкин.

Учрашувда фермерлар, тажрибали деҳқонларнинг фикрлари тингланди, ғўза парваришига оид инновацион ёндашувлар, йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида масъулларнинг мулоҳазалари эшитилди, зарур кўрсатмалар берилди.

Маълумот учун, 2022 йил 7 июлда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Пахтачилик кенгаши тузилган ва республика бўйича 13 туман тажриба-синов учун танлаб олинган. Кенгаш таркибида селекционерлар, уруғчилик, минерал ва биологик ўғитлар бўйича мутахассислар, тупроқшунослар, халқаро экспертлар бор.
М.Сулаймонов,
ЎзА