Гонконг. Бир мамлакат - икки тизим
Куни кеча Хитойда Гонконгнинг мамлакат юрисдикциясига киргани 25 йиллиги кенг нишонланди.
Тантанада мадҳия садоси остида байроқлар кўтарилди. Байрам тадбирида иштирок этиш учун Хитой раиси Си Цзиньпин рафиқаси билан сўнгги беш йилда илк бор Гонконгга ташриф буюрди. Бу мамлакат раҳбарининг пандемиядан кейинги материк Хитойдан ташқарига қилган илк сафари бўлди.
Гонконг маъмурияти янги раҳбари Жон Ли байрам нишонланаётган куни қасамёд қабул қилди. Ли полицияда ва бошқа турли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ишлаган. Шу йил 8 майда Гонконг маъмурий раҳбарлигига муқобил номзодларсиз кечган сайловда ягона номзод сифатида иштирок этиб, сайланди.

Жон Ли зиммасида амалга оширилиши кутилаётган кўплаб вазифалар турибди. Биринчи навбатда у минтақанинг келгусидаги узоқ муддатли иқтисодий ривожига тамал тоши қўйиши, Хитой билан интеграциялашувни кучайтириш керак. Си Цзиньпин минтақа янги маъмуриятини "ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатни кучайириш, бошқарув самарадорлигини ошириш, Гонконгнинг халқаро молиявий, савдо ва кема қатнови маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш"га чақирди.
“Бир мамлакат – икки тизим” тамойили амалда

1997 йил 1 июлда ярим асрдан зиёд мустамлакачиликдан кейин Гонконг “бир мамлакат – икки тизим” формуласи асосида Хитой таркибига қайтди. Шундан буён ушбу “капитализм оролчаси” аталмиш йирик молиявий марказ ХХРнинг махсус маъмурий тумани ҳисобланади. Гонконг 2047 йилгача, яъни келгуси 50 йил мобайнида мудофаа ва ташқи сиёсатдан ташқари барча масалада мухторият ҳуқуқини сақлаб қолди.
50 йиллик ўтиш даврида ҳудудга кўп масалада мустақиллик, ижтимоий-иқтисодий тизим ҳамда “маҳаллий турмуш тарзи” ўзгармаслиги кафолати берилган. Шаҳар эркин порт, алоҳида божхона ҳудуди мақомини сақлаб қолган. Гонконг ўз пул бирлиги, ижро ҳокимияти, қонунчилиги ва суд тизими (инглиз ҳуқуқи нормаларига асосланган)га эга, мустақил равишда иммиграция ва солиқ сиёсатини олиб боради.
Мазкур мегаполис ХХРнинг кўплаб мамлакатлар билан савдо муносабатида аососий воситачи ҳисобланади. Қолаверса, Гонконг материк Хитойнинг энг йирик инвестори, хорижий сармоядорларни жалб қиладиган муҳим молиявий маркази ҳам.
Дарвоқе, пандемия туфайли Гонконг ушбу мақомдан айрилишига бир баҳя қолди. Карантин шаҳарни ташқи дунёдан узди. Маҳаллий ҳокимият шу йил 1 майдан бошлабгина хорижликларнинг шаҳар ҳудудига киришига рухсат берди: шунда ҳам эмланганлик ва бир ҳафталик карантинда ўтириш шарти билан. Ушбу тартиб, табиийки, халқаро бизнес вакиллари фаолияти учун жиддий ноқулайлик туғдиради.
Гонконг осмони доим муссаффо бўлмаган
2020 йил миллий хавфсизлик ҳимояси бўйича қонун қабул қилинишига қарши Гонконгда норозилик намойиши бўлиб ўтган. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат, Пекин таъкидлаганидек, террорчилик, айирмачилик, давлат ҳукуматини издан чиқариш, хорижий кучлар билан тил бириктиришга қарши қаратилган. Қонунда айбдорларни, ҳатто, умрбод қамоқ жазосига тортиш ҳам кўзда тутилган. Мазкур ҳужжат қабул қилингач, мухолифатнинг ашаддий фаоллари ҳукуматга қарши фаолиятини тўхтатди. Тартиббузарларнинг айримлари хорижга чиқиб кетди, бошқалари жиноий жавобгарликка тортилди. Жон Лининг саъй-ҳаракати билан шаҳарда қатор мухолифат нашрлар ёпилди, намойиш барҳам топди.

Янги маъмурият энди мазкур мураккаб минтақани узоқ муддатли тараққиёт ва фаровонлик йўлига олиб чиқиши лозим. Қолаверса, жорий йил биринчи чорагида Гонконгнинг ялпи ички маҳсулоти 4 фоиз тушиб кетди, пандемия туфайли ишсизлик даражаси ҳам ошган.
Лининг ўзи иқтисодий, молиявий масалаларда тажрибаси йўқлигини тан олган бўлса-да, кучли бошқарув жамоаси тузганини таъкидлаб, профессионаллар фикрига доим қулоқ солишини маълум қилди.

Хуллас, Гонконгда муаммо етарли ва янги маъмурият бу борада “аниқ натижага эришишни” мўлжаллаши керак. Масалан, шаҳарда уй-жой ҳаддан зиёд қимматлиги, жамият ижтимоий табақалангани, ёшлар шаҳардан чиқиб кетаётгани ҳозироқ ҳал қилиниши кутилаётган муаммолар ҳисобланади. Халқаро майдондаги имижни ҳам тўғрилаб олиши зарур, чунки ғарб мамлакатлари Гонконгни мухториятни камситиш, демократия ҳуқуқи, мухолифат фаолияти ва матбуот эркинлигини чеклашда айблаб келмоқда. Жон Лининг ўзи эса 2020 йил августдан буён америка санкциясига учраган Хитой сиёсатчилари рўйхатида туради.
Гонконгни ким бошқариши керак?
Хитой ҳукумати таъкидлашича, Гонконгда вазият тўғри йўналишда ривожланмоқда. Ўтган йил маҳаллий сайлов тизимида амалга оширилган ислоҳот, хавфсизлик ҳақидаги қонун минтақада узоқ муддатли барқарорликни таъминлашга имкон беради. Пекин томонидан амалга оширилган сайлов ислоҳоти “Гонконгни ватанпарварлар бошқаради” тамойилини таъминлашга қаратилган. Бу маҳаллий парламентда энди мухолифатга ўрин йўқ, дегани. Айни таъкид 2021 йил 19 декабрда Қонунчилик кенгашига бўлиб ўтган сайлов якуни бўйича яна бир бор тасдиқланди. Яъни, илк бор овоз бериш жараёни мухолифат вакилларисиз ўтказилди ва кутилганидек, ғарбнинг танқидига сабаб бўлди.
Интеграциялашув жараёни қандай кечади?
Гонконг устидан назорат кучайтирилганига қарамай, Пекиндаги марказий ҳукумат “бир мамлакат - икки тизим” формуласини сақлаб қолишга ваъда бермоқда. Мақсад шуки, Гонконг Хитой иқтисодиётини ташқи дунё билан боғловчи мақоми ва ўрнини мустаҳкамлаб олиши зарур. Шу билан бирга минтақа мамлакат тараққиётига фаол интеграциялашуви ҳам керак. ХХР ҳукумати вакиллари таъкидича, хавфсизлик ҳақидаги қонун жорий қилиниши инвесторларни чўчитиб юборгани йўқ. Аксинча, бизнес муҳити барқарорлашувига имкон беради.

Пекин Гонконг тадбиркорлар доирасини мамлакатни ривожлантиришда фаол иштирок этишга, бунинг учун ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг 14-беш йиллиги (2021-2025) имкониятидан самарали фойдаланишга чақирмоқда. Бу ерда гап Гонконгнинг Катта кўрфаз минтақасига интеграциялашувини кучайтириш ҳақида кетмоқда. Айни жараёнга Хитойнинг Гуандун, Гонконг ва Макао вилоятларидаги тўртта шаҳар қўшилган бўлиб, ҳозир бу ҳудудлар ўзига хос инвестициявий жозибадорлиги билан иқтисодий ривожланиш йўлида истиқболли ҳудуд сифатида баҳоланмоқда. Британиянинг собиқ анклави, Гонконгнинг ушбу лойиҳада иштирок этиши молия, авиация, технология ва бошқа соҳаларини ривожлантиришга қўшимча қувват бериб, мамлакатнинг умумий тараққиётига қўшилиб кетиш имконини яратади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, аҳолиси 86 миллион кишидан иборат, ялпи ички маҳсулоти ҳажми 1,7 триллион долларни ташкил этадиган, дунёдаги йирик иқтисодиётга эга ҳудудлар орасида тўққизинчи ўринни эгаллаган Катта кўрфазга қўшилиш Гонконг ва ҳамкорлар учун улкан имконият эшигини очади. Зеро, сўнгги йилларда минтақада қудратли инфратузилма яратилмоқда. Уч йил аввал бу ерда дунёдаги энг йирик денгиз кўприги бунёд этилди. Гонконг, Макао ва Чжухайни бир-бирига боғловчи мазкур иншоотнинг узунлиги 55 километр. Қолаверса, 2023 йил фойдаланишга топширилиши кўзда тутилаётган Чек Лап Кок аэропортининг учинчи учиш-қўниш йўлаги Гонконгни Хитойнинг материк қисми ва дунё мамлакатлари билан алоқасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА