Сирдарё вилоятининг Ёшлар марказида Президентимиз илгари сурган “Беш ташаббус” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйинининг вилоят босқичи кўтаринки руҳ ва қизғин баҳслар остида ўтди.
Интеллектуал беллашувда барча туман ва шаҳарлардан сараланган жамоалар иштирок этиб, билим, зукколик ва тезкор фикрлаш бўйича ўзаро куч синашдилар.

Якуний натижаларга кўра, Гулистон шаҳридаги Дўстлик маҳалласи жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўринга Сардоба туманининг Қўрғонтепа маҳалласи жамоаси, учинчи ўринга эса Янгиер шаҳрининг Шукрона маҳалласи жамоаси сазовор бўлди.

Ғолиб ва совриндорларга Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармасининг бошлиғи Мирқодир Саъдуллаев ҳамда “Заковат” интеллектуал клуби ННТ бош координатори Дилшод Йўлдашев томонидан дипломлар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Таъкидлаш жоизки, “Заковат” ўйини ёшларнинг билимга чанқоқлиги, изланувчанлиги ва кенг дунёқарашини намоён этиш билан бирга, интеллектуал муҳитни ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Эндиликда 1-, 2- ва 3-ўрин соҳиблари мамлакатнинг энг билимдон ёшлари қаторида Республика босқичида Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилишади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири