Ғолиблар мамлакат босқичига боради
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус – 2016” кўрик-танловининг Бухоро вилояти босқичида 38 тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилаётган “Ташаббус – 2016” кўрик-танловининг Бухоро вилояти босқичида 38 тадбиркор, фермер ва ҳунарманд иштирок этди.Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва соҳа субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида у миллий иқтисодиётимиз равнақида етакчи кучга айланаётгани таъкидланди.
Бухоро вилоятида 12 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. 2015 йилда соҳани ривожлантиришга тижорат банклари томонидан қарийб 539 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилган. Натижада кичик бизнеснинг ҳудудий маҳсулотдаги улуши 67 фоиздан ошган. Иш билан банд бўлганларнинг 77,1 фоизи шу соҳа ҳиссасига тўғри келмоқда.
Импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркор, фермер ва ҳунармандларни рағбатлантириш, илғор тажрибаларини оммалаштириш, хўжалик субъектлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини кенгайтиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилаётган “Ташаббус” кўрик-танлови соҳа ривожи ҳамда имкониятларнинг ўзига хос тақдимотига айланди.
“Энг яхши тадбиркор” йўналишида Вобкент туманидаги “Баҳор пластикс” қўшма корхонаси раҳбари Жамшид Муродов биринчи ўринни эгаллади.
– Ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳсулот ҳажми ва турини кенгайтириш учун истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз, – дейди “Баҳор пластикс” қўшма корхонаси ижрочи директори Солиҳ Латипов. – Бунда 2015 йили “Ҳамкорбанк”дан олинган 1 миллиард сўм ва 300 минг доллар миқдоридаги кредит маблағи жуда қўл келди. Кир ювиш воситалари ва қадоқловчи материалларга ички бозорда талаб катта. Айни пайтда хориж бозоридан ҳам ўз ўрнимизни топишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ўтган йили 120 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Жорий йилда бу кўрсаткични икки баробар оширишни режалаштирганмиз.
Когон туманидаги “Адолат Алишер замини” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Райима Саидова “Энг яхши фермер”, Бухоро шаҳридан кандакор Шавкат Ғуломов “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида ғолиб бўлди.
Ғолиблар “Ташаббус – 2016” кўрик-танловининг мамлакат босқичида иштирок этади.