Ғолиб жамоалар тақдирланди
Умумтаълим мактабларида хорижий тилларни ўқитиш сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги “Иқтидорли ўқувчилар ўртасида фан олимпиадаларини ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактабни аниқлаш тизимини жорий этиш тўғрисида” ги қарори билан Президент соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танлови ўтказилиши белгиланган.
Мазкур қарор ижроси доирасида Сирдарё вилоятининг барча туман, шаҳарларида танловнинг ҳудудий босқичи ўтказилган эди. Унда инглиз, немис, француз тиллари ўқитиладиган 304 та мактабнинг 7-9-синфларида ўқийдиган ўқувчилардан иборат жамоалар ғолиблик учун баҳслашди. Туман ва шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган 11 та мактаб жамоаси вилоят босқичида иштирок этди.

Жамоалар халқаро таълим стандартлари (CEFR) асосида тайёрланган тинглаб тушуниш (listening), ёзиш (writing), ўқиш (reading) ва лексик-грамматик кўникмаларини баҳоловчи тест синовидан ўтди.
Якуний натижаларга кўра, 1-ўрин Мирзаобод туманидаги 10-, 2-ўрин Гулистон шаҳридаги 8- ва 3-ўрин Ширин шаҳридаги 2-сонли мактаблар жамоасига насиб этди. Гулистон шаҳридаги ёшлар марказида мазкур танловнинг вилоят босқичи ғолиблари тақдирланди. Унда мутасадди ташкилот ва муассаса ходимлари, зиёлилар, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Унда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, айниқса, халқ таълими тизимини янада ривожлантириш йўлидаги амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиликлар тўғрисида сўз борди.

Маълумот учун, қарорга мувофиқ, танловнинг туман ва шаҳар босқичида 1-ўринни қўлга киритган мактаб жамоасига 100 миллион, 2-ўринни эгаллаган мактаб жамоасига 75 миллион ва 3-ўринни эгаллаган мактаб жамоасига 50 миллион пул мукофоти берилиши белгиланган. Вилоят босқичи ғолибларига 1-ўрин учун – 250 миллион сўм, 2-ўрин учун – 200 миллион сўм, 3-ўрин учун – 100 миллион сўм берилади.
Шуҳрат Суяров, ЎзА