
Дон ва нон мавзуси ҳеч қачон долзарблигини йўқотмайди. Гап халқимизнинг рисқу-рўзи ҳақида борар экан соҳа олимлари олдида бу борада қатор вазифалар турибди.
У ҳам бўлса истиқболли янги навларни яратиш, глобал иқлим ўзгаришларига, сувсизликка чидамли, серҳосил ва рақобатбардош маҳсулот тайёрлаш.
Ушбу йўналишда Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан муассаса тажриба майдонида қатор илмий изланишлар олиб борилмоқда. Ана шу тадқиқотлар натижасида буғдойнинг ўта тезпишар “Ультра” нави яратилгани мамлакатмизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Дарҳақиқат, янги нав экилган майдонда нафақат такрорий, балки асосий турдаги экин сифатида ҳам мўл ҳосил етиштириш имкони бор. Чунки буғдой одатда июнь ойида пишиб етилади. Эндиликда май ойида тайёр бўладиган буғдой нави олдинги навларга қараганда қатор устунликларга эга.
Жорий йилда республика бўйича 3 минг гектар майдонда тажриба-синов сифатида ушбу янги нав жойлаштирилди. Натижалар кутилганидан ҳам зиёда бўлди. Ушбу илмий муассасада бўлиб ўтган: “Бошоқли дон, дуккакли ҳамда ем-хашак экинларининг янги навларини яратиш ва етиштиришда инновацион технологияларни қўллаш истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда дунёнинг турли давлатларидан ташриф буюрган ғаллачилик илмининг намоёндалари соҳадаги долзарб муаммоларга ечим излаб, эришилган ютуқлари билан ўртоқлашдилар.
- Ушбу институт Россиядаги Лукьяненко номидаги Миллий дон маркази билан кўп йиллардан буён самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда, - дейди Россиянинг П.П.Лукьяненко номидаги Миллий дон маркази катта илмий ходими Цвиринько Владимир. - Сизнинг селекция марказингиз Ўзбекистондаги ишончли ҳамкоримиз ҳисобланади. Ўзаро саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистонда дончилик бўйича озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланди. Камтарликни бир четга суриб айтиш мумкинки, айнан шу ҳамкорлик туфайли Ўзбекистон бугун дон масаласида тўлиқ ўзини таъминлаган. Биз бозордан нон харид қилдик. Жудаям мазали, бундай нон ва бу таъмни дунёнинг бошқа жойидан тополмайсиз.
Ҳа, ҳақиқатан ўзбек буғдойи ва унинг нони юксак даражада. Институтда эса турли навлардан иборат катта майдон — кўргазмали тажриба майдони яратилган. Жуда бой коллекция йиғилган. Биз учун ғоятда ёқимли ҳолат шундаки, ушбу коллекциядан ўрин олган навларнинг кўпчилиги устида ҳамкорликда илмий изланишлар қилганмиз. Бу навлар туфайли фермерлар юқори ҳосил олишмоқда — нафақат миқдор, балки сифат жиҳатидан ҳам. Айнан шу омиллар туфайли ҳамкорлигимиз мустаҳкамланди.
Буғдойнинг ўта тезпишар “Ультра” навига конференция иштирокчилари, айниқса фермерлар томонидан катта қизиқиш билдирилди. Улар даланинг ўзида буғдойнинг сўнгги йилларда яратилган янги навлари билан танишиб, уларнинг ҳосилдорлиги, иқлим шароитга мослашувчанлиги ва агротехник хусусиятлари ҳақида нав муаллифларидан батафсил маълумот олдилар.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5hw3m1AHthI" title="Global iqlim o‘zgarishlariga mos bug‘doy navi yaratildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА