Глобал чиқиндиларнинг 33 фоизи очиқ ҳолда ташлаб кетилади
Бугун чиқинди билан боғлиқ масалалар бутун Ер юзида глобал экологик муаммолардан бирига айланган. Йилдан-йилга чиқинди ҳажмининг ортиб бораётгани, уни қайта ишлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар эса айни кундаги талаб даражасида эмаслиги оғриқли жиҳатлардан биридир.
Дунё бўйича чиқинди йиғиш қамрови муаммоли масалалардан бўлиб турибди. Жаҳон банки маълумотига кўра, глобал чиқиндиларнинг тахминан 23 фоизи йиғилмайди, 33 фоизи эса очиқ ҳолда ташлаб кетилади. Чиқинди муаммоси Ўзбекистон учун ҳам долзарблашиб бораётган масала ҳисобланади. Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2025 йил давомида 15,1 млн тонна маиший чиқинди ҳосил бўлган. Бу кунига ўртача 41,4 минг тоннага тўғри келади. Ўтган йилда санитар-тозалаш хизматлари аҳолининг 23,9 млн нафари, яъни 64 фоизини қамраб олган.
Мазкур йўналишдаги муаммоларни тизимли ҳал этиш, соҳадаги муносабатларни тартибга солишда, аввало, тегишли ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Вазирлар Маҳкамаси томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси киритилди.
Қонун лойиҳаси билан соҳадаги махсус ваколатли давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг иштироки аниқлаштирилмоқда. Шунингдек, санитар тозалаш корхоналарининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.
Маҳаллага санитар тозалаш ташкилотларининг чиқинди билан боғлиқ фаолияти юзасидан ҳисоботларни эшитиш, нодавлат ташкилотларга соҳада жамоатчилик назоратини амалга ошириш ваколатларини бериш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, чиқиндиларни утилизация қилиш ҳамда уларнинг ҳосил бўлишини камайтиришга доир фаолиятни рағбатлантиришнинг иқтисодий механизмлари кўзда тутилмоқда.
Чиқинди муаммоси билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш. Соҳани тартибга солишда бу каби ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш долзарб. Шундай экан, қуйи палатага киритилган мазкур лойиҳа чиқинди билан боғлиқ фаолиятни тартибга солишда алоҳида ўрин тутади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА