
Президентимизнинг “Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туманларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарорга кўра, юртимизнинг 16 та шаҳар ва тумани комплекс ривожлантирилади. Ушбу ҳудудлар орасида Бухоронинг тадбиркорлар ва ҳунармандлар юрти саналган Ғиждувон тумани ҳам бор.
Бухоро воҳасида яқин йиллардаги туманлар миқёсида олиб борилган ўзгаришлар ва амалга оширилган кенг кўламли янгиланишлар ҳақида сўз юритганда Ғиждувон кўз ўнгимизга келади. Ғиждувоннинг умумий ер майдони 39,95 минг квадрат километрни ташкил этиб, туманда 315 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Қисқа муддатлар оралиғида туман маркази ҳамда унинг олис маҳалла ва қишлоқлари давлат раҳбарининг ташаббуси билан меъморий қиёфасида ижобий бурилиш ясалди.
Туман ҳокимлиги ташаббуси билан туман фаоллари ва тадбиркор ҳамда ишбилармонлар иштирокида янги лойиҳаларнинг тақдимоти кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
– Ҳозирда, бунёдкорликлар ҳар бир жабҳани қамраб олди. Булар соғлиқни сақлаш, туризм, ишлаб чиқариш, маҳаллалар кесимидаги ободликлар барчаси аҳоли фаровон турмуш тарзи учун хизмат қилиши кўзда тутилган, – дейди туман ҳокими Шерзод Ашуров. – Туманда юқори иқтисодий ўсишга туртки берувчи ижтимоий ва инфратузилма лойиҳалари учун 2025 йилда давлат бюджетида назарда тутилган маблағларни сарфланиши бўйича лойиҳа қиймати 70,0 миллиард сўм бўлган 9 та тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
[gallery-22819]
Жумладан, “Саидкент” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи “Зарафшон” дарёсининг соҳил бўйи қисмини ободонлаштириб, савдо-сервис лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур инфратузилма билан таъминлаш учун 7,3 миллиард сўм, “А.Ғиждувоний” ва “Ю.Ҳамадоний” кўчаларининг жами 3,7 километр ҳамда “Ф.Эшпўлатов” кўчасидаги бир томонлама йўлнинг фойдаланилмаётган олти километр қисмни тунда юритувчи гастрономик, савдо-сервис ва туризм кўчаларига айлантириш учун 8,0 миллиард сўм, “Сардор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Нурафшон” маданият ва истироҳат боғида аҳолига дам олиш ва сайр қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш учун 10,8 миллиард сўм маблағ ажратилади.
“Тодон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтган М-37 халқаро автомобиль йўли бўйидаги 1,7 гектар майдонда йўл бўйи хизмат кўрсатишга 564,5 миллион сўм, “Қўрғон” туризм маҳалласининг қадимий қиёфасини тиклаш учун 33,3 миллиард сўм, “Барака” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 29 гектар ер майдонида “Олтинсой” экотуристлик масканларини ташкил қилиш учун эса 1,45 миллиард сўм йўналтирилади.
“Денов” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Янги Ўзбекистон” боғи ташкил этилади ва бунга беш миллиард сўм ажратилади. “Денов” маҳалласи ҳудудида 20 гектар ер майдонида ташкил этилган саноат ва йирик хизмат кўрсатиш зонасини яшил энергияга ихтисослашган, юқори қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш ва замонавий хизмат кўрсатиш лойиҳаларини жойлаштириш мақсадида зарур инфратузилма билан таъминлаш учун 2,8 миллиард сўм маблағлар йўналтирилиши белгиланган.
Айни кунда Ғиждувонда амалдаги ислоҳотлар одамлар онгида улкан ўзгариш ясаб, аҳоли фаровонлигини ошириш билан бирга уларни ўз ҳаётидан мамнунлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.