“Ғиждувон тажрибаси” ўз самарасини бермоқда
Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш масалалари муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишида кўплаб долзарб вазифалар ва уларни амалга ошириш юзасида чоралар ҳақида сўз борди. Бухорода ҳам бу борада аҳоли даромадларини ошириш орқали камбағалликни кескин қисқартириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда яратилган имкониятлар натижасида Бухородаги 544 та маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, фуқаролар ҳамда ҳақиқатда ижтимоий ёрдам олмаётган камбағалларни аниқлаш бўйича хатлов амалга оширилиб, жами 50232 та оилалардаги 215 минг нафар аҳоли рўйхати шакллантирилди. Шундан 1-2-тоифадаги 23 521 нафар яшаш шароити яхшиланаётган оилаларга тез самара берадиган йўналишларни, ишга жойлаштириш, кичик ишлаб чиқариш ускуналар, хизмат кўрсатиш йўналишларида имтиёзли кредит, субсидия ресурсларидан фойдаланиб, даромадини оширишга киришилди.
3-4-5-тоифалардаги 26 711 та камбағал оилаларнинг 36 688 та муаммо ва таклифлари асосида уларга амалий кўмак кўрсатиш бўйича аниқ режалар шакллантирилди. Ушбу ташаббус сабаб аҳолининг 3222 нафарини касаначиликка, 9079 та фуқароларга 206,4 миллиард сўмлик имтиёзли кредит бериш ҳисобидан ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига йўналтирилмоқда. Шунингдек, 2533 та камбағал оилага ер ажратиш мақсад қилинган. Энг муҳими, Давлатимиз раҳбари қўйган талаб асосида бугун “Ғиждувон тажрибаси”ни оммалаштириш ҳам ҳудудлар ривожида катта аҳамият касб этмоқда.
[gallery-19388]
– Ҳозирда, “Ғиждувон тажрибаси” бўйича аниқ режалар белгиланган, –дейди Ғиждувон туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими бошлиғи Тошпўлат Мардонов. – Режага асосан туманда 20 та маҳаллада “Ғиждувон тажрибаси” асосида саноатни вертикалига ўстириш ва шу асосда аҳолини камбағалликдан чиқариш, бандликни таъминлаш бўйича режаларни белгилаб олдик. Ўзимга ҳам мана 5 та оила бириктирилди. Шунингдек, бу оилалар билан ишлаш тизими ҳам яратилди. Мақсад маҳаллаларда камбағалликни қисқартиришдан иборат.
Шу вақтга қадар ишсиз бўлган, Дилнавоз Саидова бугун 100 та ишчи ўрни яратган тадбиркорга айланди. У эндиликда янада катта мақсадлар сари ҳаракат қилмоқда.
– Мени “Аёллар дафтари”га киритишган эди, – дейди тадбиркор Дилнавоз Саидова. – Бугун меҳнатим ва давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши натижасида 100 нафар ишсиз аёлларни иш билан таъминладим. Келажакда берилган имкониятлардан унумли фойдаланиб яна 100 дан зиёд хотин-қизни ишла билан таъминлашни ният қилганман.
Давлатимиз раҳбари бошлаб берган тамойил асосида Бухорода сектор раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, иқтисодий, ижтимоий ва қишлоқ ва сув хўжалиги тизимидаги 1107 нафар масъулларга 5434 нафар камбағал бириктирилди. Бу билан вилоятда йил якунига қадар камбағалликни 5 фоизгача қисқартириш ҳамда ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича барча куч ва имкониятлар ишга солинмоқда.
“Ғиждувон тажрибаси” фақат шу туманда эмас, балки бутун вилоят бўйича кенг татбиқ қилинмоқда. Аҳамиятли томони, эндиликда ҳудудларда ташкил этилган кичик саноат зоналарида маҳаллалар драйверидан келиб чиқиб, тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилиши ҳам аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омили бўлмоқда.
– Маҳалламиздаги 300 дан ортиқ хонадонлар мебелсозлик билан шуғулланиб келмоқда, – дейди Жондор тумани ҳокимининг “Охших” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Камолиддин Козимов. – Ўтган йили мазкур Президент фармони асосида 1 миллиард 100 миллион сўм кредит маблағи ажратилди. Замонавий асбоб-ускуналар олиб келинди. Натижада корхонада янги иш ўрни яратилди. Корхонанинг йиллик товар айланмаси 10 миллиард сўмдан ошди. Ундан ташқари ҳудудда мебелсозликни ривожлантириш учун бўш турган 8 гектар ер майдонида 14 та лот асосида кичик саноат зонаси ташкил этилди. бугунги кунда қурилишлар якунланди. Тадбиркорлар асбоб-ускуналарни олиб келиб жойлаштирмоқда. Кичик саноат зонаси ишга тушиши билан 300 та иш ўрни яратилади.
Давлатимиз раҳбарининг Бухорога ташрифи чоғида Жондордаги Ушот маҳалласини ҳунармандлар маҳалласи сифатида эътироф этилиши ҳам ҳудуд имкониятларини янада кенгайтирди. Ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланган бу маҳалла том маънода оилалар фаровонлиги учун ҳам намуна бўлмоқда.
Бугун Бухорода “Ғиждувон тажрибаси” аёллар, ёшлар бандилигини таъминлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда. Бу ишлар кўламини янада кенгайтириш учун эса етарли имкониятлар мавжуд.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.