Гиёҳвандликка қарши биргаликда курашамиз
Гиёҳвандлик – инсон саломатлиги, оила осойишталиги ва жамият келажагига таҳдид соладиган иллат. Унга қарши курашиш эса фақат бир идора ёки ташкилотнинг эмас, балки бутун жамиятнинг муштарак вазифасидир. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 ноябрдаги “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Ғаллаорол туманида олиб борилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жиззах вилоят ҳудудий комиссияси томонидан тумандаги вазият атрофлича ўрганилиб, туман комиссияси, масъул идоралар, таълим муассасалари ҳамда “маҳалла еттилиги”нинг наркотик ва гиёҳвандлик моддалари тарқалишининг олдини олиш, аҳолини, хусусан, ёшларни унинг салбий оқибатларидан хабардор қилиш борасидаги фаолиятига эътибор қаратилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъул ходимларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.


Эътиборлиси, профилактика ишлари қуруқ тарғибот билан чекланиб қолмаяпти. Маҳаллалар ва таълим муассасаларида маърифий, ижодий ҳамда спорт тадбирлари ўтказилмоқда. Иншолар ва расмлар танлови, маҳалла ёшлари ўртасидаги спорт мусобақалари, концерт дастурлари орқали ёшларга соғлом ҳаётнинг қадри, зарарли одатларнинг оғир оқибатлари тушунтирилмоқда.


Шунингдек, Ғаллаорол тумани Маданият маркази томоша залида маҳаллий аҳоли, ёшлар, нуронийлар, зиёлилар ва меҳнат фахрийлари иштирокида “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” мавзусида тарғибот тадбири ташкил этилди. Унда “Гиёҳвандлик – умр заволи”, “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” ва “Оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш” мавзуларида тушунтиришлар берилди. Тадбир якунида намойиш этилган видеофильм чуқур мулоҳазага чорлаган бўлса, ажойиб концерт дастури иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.


Хотин-қизлар ва ёшлар ўртасидаги профилактик ишлар ҳам изчил давом этмоқда. Туман оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи, нуроний онахонлар ҳамда маҳаллаларнинг хотин-қизлар фаоллари иштирокида “Гиёҳвандлик – келажакка хавф” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, гиёҳвандлик, психотроп моддалар ва бошқа зарарли иллатларнинг салбий оқибатлари ҳақида тушунчалар берилди.


Кун якунида туман марказида “Гиёҳвандлик –келажакка хавф” шиори остида концерт дастурининг намойиш этилгани ҳам мавзунинг ижтимоий аҳамиятини яна бир бор кўрсатди. Зеро, гиёҳвандликка қарши курашда энг муҳим омиллар огоҳлик, маърифат, соғлом муҳит ва жамоавий ҳамжиҳатликдир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири