Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, 1985 йил Термиз шаҳрида туғилган шахс ўзининг бошқарувидаги “Кобальт” русумли автотранспорт воситасида 50 кг 978 гр “гашиш” моддасини олиб кетаётган вақтида ушланди.
Шунингдек, унинг яшаш хонадонидан ҳам 186 гр “гашиш” моддаси олинди.
Тадбир давомида унинг 1986 й.т. шерободлик жиноий шериги ҳам ушланди.
Аниқланишича, улар афғонистонлик наркокуреърлар томонидан айланма йўллар орқали мамлакатимизга ўтказилган ушбу гиёҳвандлик воситаларини келгусида мақсад қилишган.
Таъкидлаш лозимки, қонунбузарларнинг бири муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун, иккинчиси эса фирибгарлик жинояти учун судланган бўлсаларда, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган.
Бу йўналишда Тошкент шаҳрида кузатилган ҳолатда, Учтепа туманида яшовчи, 2000 й.т. фуқаро томонидан “Телеграм” мессенжери орқали пойтахт ҳудудида синтетик гиёҳвандлик воситалари сотиш ҳолати аниқланди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда у 225 гр “Алъфа ПВП” синтетик наркотик моддаси билан қўлга олинди.
Сўнгра унинг 2005 й.т. таниши ҳам 2 дона “Регапен” кучли таъсир қилувчи дори воситаси билан ушланди.
Дастлабки сўровда, у дори воситасини Мирзо Улуғбек туманидаги дорихоналарнинг биридан сотиб олганлиги аниқланди.
Тезкор тадбир давомида ушбу дорихонанинг норасмий сотувчиси 14 дона “Регапен” дори воситасини мижозга 1 млн 200 минг сўмга сотган вақтида ушланди.
Шунингдек, дорихонанинг ёрдамчи омборхонасидан 20200 дона “Габатен”, 823 дона “Регапен”, 100 дона “Галара”, 4 дона “Торгабалин” каби таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар сақловчи, тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори воситалари ҳам ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда ушбу шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.