“Гимнастрада”да божхоначи қизлар ғолиб
Тошкент молия институтида турли вазирлик ва идораларда фаолият юритаётган хотин-қизлар ўртасида ўтказилган “Гимнастрада” спорт мусобақаси, том маънода спорт байрамига айланиб кетди.
“Спорт нафислик ва саломатлик манбаи” шиори остида ўтган фестиваль мусобақадан кўра кўпроқ идора ва ташкилотларда меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг байрам шоуси тарзда ташкил этилганлиги йиғилганларга ўзгача кайфият бағишлади.

- Ташкилотларда ақлий меҳнат билан шуғулланаётган опа-сингилларимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган гимнастика машқлари ва кўргазмали чиқишлар давлатимиз раҳбарининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашда, аёлларимизни жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига янада кенг жалб этишда муҳим аҳамият касб этди, - дейди Туризм ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Зарина Абдуллаева.

Завқу-шавққа тўла мусобақалар давомида иштирокчилар орасида чапдастлиги ва ғалабага бўлган иродасини намойиш этган Божхона қўмитаси хотин-қизлари “Гимнастрада” беллашувларининг мутлоқ ғолиби, деб топилди. 2-ўрин Адлия вазирлиги жамоасига ва 3-ўрин Марказий банк қизларига насиб этди.
Шунингдек, фестивал давомида 10 та ташкилот жамоаси турли номинациялар бўйича эътироф этилди.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА