Гиламда – ғайратли кексалар
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах шаҳрида яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида 60 ва ундан юқори ёшдаги фахрийлар ўртасида миллий кураш бўйича “Ғайратли кексалар” мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақа давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида нуронийларни жисмоний фаолликка жалб этиш ва уларнинг жамиятдаги иштирокига кенг йўл очиш мақсадида ташкил этилди.
[gallery-25417]
Мусобақада туман ва шаҳарлардан келган қирқ нафарга яқин фахрий полвон 4 вазн тоифасида беллашди.
Якуний натижаларга кўра, 66 килограмм вазн тоифасида — Шароф Рашидов туманидан Йўлдош Бозоров ҳамда ушбу тумандан яна бир полвон Аминбек Ўзбеков 81 килограмм вазн тоифасида гиламга тушиб, ғалаба қозонди. 73 килограмм вазн тоифасида эса ғолиблик Мирзачўл туманидан Бозор Примовга насиб этди. 90 килограмм вазн тоифасида гиламга тушган зоминлик полвон Абдужалил Каримовга тенг келадиган топилмади.
Ғолиб ва совриндорлар “Нуроний” жамғармасининг Жиззах вилоят бўлими ҳамда вилоят спорт бошқармаси томонидан эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат),ЎзА