Гидроэнергетика тармоғи барқарор ривожлантирилади
“Гидроэнергетика соҳасини янада ривожлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ фаолияти самарадорлигини оширишнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди.
Хусусан, 2026 йил якунига қадар 114 МВт ишлаб чиқариш қувватларини фойдаланишга топшириш ва 7,1 миллиард кВт соат электр энергиясини ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
2032 йил якунига қадар республикада умумий қуввати 1 400 МВт бўлган гидротўплаш электр станцияларини қуриш, гидроэнергетика соҳасида 3 266 МВт қўшимча қувватларни яратиш орқали гидроэнергетика қувватларини 2,4 бараварга ошириш белгиланган.
“Ўзбекгидроэнерго” АЖни барқарор ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш мақсадида инвестиция лойиҳалари ҳудудларига олиб борувчи йўл, электр узатиш тармоқлари ва бошқа инфратузилма объектлари қурилишини бир босқичли лойиҳалаштириш (ишчи лойиҳа) асосида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ маблағлари ҳисобидан харид тартиб-таомилига асосан пудрат ташкилотларини аниқлаган ҳолда амалга ошириш, инфратузилмаси мавжуд бўлмаган истиқболли ҳудудларда лойиҳа-қидирув ишларини сифатли амалга ошириш учун “Гидропроект” АЖ ва “Ўзсувлойиҳа” АЖга учувчисиз учиш аппаратларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва унинг тизим ташкилотлари томонидан ўтказиладиган давлат харидларида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизимидаги ташкилотларнинг иштирок этишига рухсат берилиши белгиланди.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА