Германиялик рассом ижодидан намуналар намойиш этилди
Ўзбекистон Бадиий академиясининг кўргазмалар залида илк экспрессионизмнинг таниқли вакили, немис рассоми Паула Модерсон-Беккер таваллудининг 150 йиллигига бағишланган кўргазма очилди.
Кўргазмада жами 85 та рангтасвир ва график асар, шунингдек, 11 та китоб намойиш этилди.
Тадбирда қайд этилганидек, мазкур кўргазма ташриф буюрувчиларга XIX аср охири ва XX аср бошларидаги немис санъати муҳитини ҳис этиш, Шимолий Германия табиатининг манзаралари ҳамда инсон қиёфаларининг ўзига хос бадиий талқинлари билан яқиндан танишиш имконини берди.

Паула Модерсон-Беккер ижоди немис санъати тарихида алоҳида ўрин тутади. Унинг асарларида инсон ва табиат, кундалик ҳаёт ҳамда ички кечинмаларнинг ўзига хос бадиий ифодаси намоён бўлади. Мазкур кўргазма аввалроқ Самарқанд ва Урганч шаҳарларида ҳам муваффақиятли намойиш этилган эди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон замонавий тасвирий санъати Германиянинг йирик маданий марказларида мунтазам намойиш этиб келинмоқда. Шу билан бирга, Германиянинг таниқли рассомлари ва турли бадиий йўналишлари ижоди Ўзбекистон томошабинларига ҳам изчил таништирилмоқда. Бу борадаги маданий алмашинувларни ривожлантиришда Германиянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси ва Гёте институти муҳим рол ўйнамоқда.

Хусусан, жорий йил февраль ойида Берлинда Темурийлар даври анъаналарини ўзида акс эттирган “Асрларни боғлаган мерос: ўзбек миниатюра санъати” кўргазмаси ташкил этилиб, унда Ўзбекистонлик замонавий миниатюрачи рассомларнинг ижод намуналари немис санъат ихлосмандларига тақдим этилди.

Ўзбекистон Бадиий академиясининг кўргазма залларида ҳам сўнгги йилларда немис плакат санъати, замонавий графика ва фотография йўналишларига бағишланган кўргазмалар мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон ва Германия рассомлари ўртасидаги бундай ижодий алоқалар икки мамлакат маданий ҳаётини бойитиш билан бирга, Шарқ ва Ғарб тасвирий санъат мактаблари ўртасида ўзига хос маданий кўприк вазифасини ҳам бажармоқда.
Г. Бобоева, ЎзА