Кеча Ўзбекистон ва Германия ўртасида саноат ва технологиялар бўйича стратегик шериклик дастури тайёрлангани қайд этилди. Германиянинг етакчи компания ва банклари билан умумий қиймати қарийб 9 миллиард евро бўлган ҳамкорлик лойиҳалари ишлаб чиқилаётгани таъкидланди.
Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Канцлери Олаф Шольцнинг тор доирада ва делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Унда мана шундай муҳим рақамлар тилга олинди.
Давом этаётган тарихий ташрифнинг аҳамиятини Германия делегацияси вакиллари юқори баҳоламоқда.
– Ўзбекистонга жуда кўп келиб-кетаман, – дейди “Mangold Consulting GmbH” халқаро консалтинг компанияси раҳбари Клаус Манголд. – Ишимиз кўп, лойиҳалар бор. Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилганидан барча соҳа вакиллари манфаатдор. Ўз соҳамдан келиб чиқиб айтаман, Германиянинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик анча жонланди. Текстиль, таълим, маданият, туризм ва бошқа йўналишларда алоқалар изчиллиги эътиборга молик. Ўзбекистон эртанги кунига, ўзига ишонади. Келажакда амалга оширишни мўлажаллаётган ташаббуслари кўп. Давлат раҳбарининг қатий иродаси ва оқилона сиёсати мақсадларга эришишингизда муҳим омил. Юртингизнинг келгусида катта саноатлашган давлатга айланишига ишонамиз.
Янгиликка интилувчи, қобилиятли ёшларингиз бор. Ҳозир биз мамлакатингизга Германиядан ишлаб чиқариш корхоналарини жалб қилиб, маҳсулотни хорижга экспорт қилишни режалаштирганмиз. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, бунинг учун имкониятлар жуда ҳам кўп. Бу жараёнга иқтидорли ёшларни жалб қилган ҳолда юксак марраларга эришиш мумкин. Ўзбекистон ва Германия ёшлари ўзаро малака алмашиб, ўз бизнесларини йўлга қўяётганлари ҳам мени қувонтиради. Ўзбекистонга янги келган ҳамкасбларимга Тошкент шаҳридаги Технопаркка боришни тавсия қиламан. У ердаги яратилган имкониятлар, шарт-шароитлар юқори даражада. Бу ўзбекистондаги умумий ишбилармонлик муҳити қандай бўлишини тасаввур қилишда яхши имконият.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА