Германияга ташриф самарали бўлди
Ўзбекистон делегацияси ўз учрашувларини 25 февраль куни Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Эдуард Кинсбрунер билан мулоқотдан бошлади.
Жорий йилнинг 24-26 февраль кунлари «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Э.Туляков, Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директорининг ўринбосари У.Абидхўжаев ва Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти маркази раҳбари Б.Мустафоевдан иборат Ўзбекистон делегацияси Германия Федератив Республикасида ишчи ташриф билан бўлиб, Берлин шаҳрида қатор тадбирларда иштирок этишди.
Ўзбекистон делегацияси ўз учрашувларини 25 февраль куни Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Эдуард Кинсбрунер билан мулоқотдан бошлади.
Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси – немис корхоналари уюшмаларини бирлаштирувчи муассаса ҳисобланади. Қўмита 1952 йилдан буён Россия, Беларусь, Украина, Марказий Осиё, Кавказ ва Жанубий-Шарқий Европа бозорларида немис компаниялари манфаатларини ҳимоя қилиб келади. Ушбу ташкилот Германиянинг иқтисодиёт ва сиёсат секторлари ўртасида воситачи вазифасини бажаради. Шарқий қўмита Марказий Осиё ва Шарқий Европа давлатлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатган бўлиб, давлат органлари ва ташкилотлари ўртасидаги расмий мулоқотни мувофиқлаштириб боради ҳамда ушбу минтақалар учун энг долзарб маълумотлар тўпламини ишлаб чиқади.
Учрашув аввалида жаноб Кинсбрунерга Ўзбекистонда Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган қатъий янгиланиш ва ислоҳотлар, айниқса, иқтисодиётни эркинлаштириш, хорижий инвесторлар учун қулай имкониятлар яратиш, уларнинг фаолиятини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга қаратилган салмоқли саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берилди.
Икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 2018 йилда 772 миллион АҚШ долларидан ортган бўлиб, бу 2017 йилдаги 619,9 миллион долларга нисбатан 24,5 фоиз кўп, демакдир. Ўтган 2019 йилда эса, бу кўрсаткич 980,1 миллион долларга етди ва 2018 йилга нисбатан 27 фоиз ўсишга эришилди.
Делегация аъзолари Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар марказида (ZOiS) шу “Янги Ўзбекистон сари йўл” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида ўз ишларини давом эттиришди.
Шарқий Европа ва халқаро тадқиқотлар маркази Германия Бундестаги қарори билан ташкил этилган. Марказ мустақил халқаро ва фанлараро илмий-тадқиқот институти бўлиб,Давра Шарқий Европада ижтимоий аҳамиятга эга тадқиқотлар билан шуғулланади ва фаолият натижалари ОАВ орқали кенг тарғиб қилиб борилади. ZoiS Фонд кенгаши олимлар ва сиёсатчилардан иборат. Бундан ташқари, халқаро илмий кенгаш турли масалалар юзасидан Марказ раҳбариятига маслаҳат бериб боради.
Давра суҳбатида “Тараққиёт стратегияси” маркази раҳбари Элдор Туляков “Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар самараси ва 2020 йилдаги режалар” мавзусида Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг асосий йўналишлари, эришилган ютуқ ва марралар ҳақида тақдимот ўтказди.
– Германия дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторида бўлиб, улкан савдо-иқтисодий ресурслар, кенг инвестицион салоҳият ва илғор технологик ишланмаларга эга давлат ҳисобланади, – деди жумладан Элдор Туляков.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари Иқтисодиёт ва ташқи савдони қўллаб-қувватлаш бўйича Федерал уюшма (BWA) бошқаруви раиси Михаэл Шуманн ҳамда Фридрих Эберт ва Конрад Аденауэр номидаги фонд вакиллари билан ҳам алоҳида музокаралар ўтказишди. Мулоқотлар давомида Ўзбекистонда рўй бераётган иқтисодий ва сиёсий жараёнларга доир кенг кўламли масалалар юзасидан амалий фикрлар алмашилди.
Иқтисодиёт ва ташқи савдони қўллаб-қувватлаш бўйича Федерал уюшма (BWA) минтақавий уюшмалар ва иқтисодий клубларга бўлинади. Клубларга айни шу ҳудуд вакиллари раҳбарлик қилишади. Иқтисодий клублар бошқаруви уюшма мақсадларини амалга ошириш учун масъулдир.
Уюшма Жон Кеннедининг ушбу машҳур иборасини ўзига шиор қилиб олган: “Сизнинг мамлакатингиз сиз учун нима қила олишини сўраманг. Яхшиси, мамлакатингиз учун сиз нима қила олишингизни сўранг”.
Ф.Эберта номидаги фонд эса, Германиядаги йирик сиёсий жамғармалардан биридир. У Германиянинг амалдаги коалицион ҳукумати таркибига кирувчи Германия социал-демократик партиясига яқин ҳисобланади. Фонд 1925 йил 2 мартда Веймар Республикасининг биринчи президенти ва социал-демократик ҳаракат раҳбари Ф.Эберт шарафига ташкил этилган. У асосан иқтидорли болаларни олий ўқув юртларида ўқитишни рағбатлантириш билан шуғулланади. Ҳозирги вақтда фонд ГФР ҳудудида, шунингдек унинг ташқарисида ҳам нуфузли ижтимоий-сиёсий ташкилот мақомига эга. У давлат томонидан молиялаштирилса-да, ҳуқуқий жиҳатдан жамоатчилик ташкилоти сифатида фаолият кўрсатади ва унинг бу мақоми Германия ташқи сиёсатида муҳим роль ўйнайди. Жамғарма 100 дан ортиқ мамлакат билан ҳамкорлик қилади ва унинг ваколатхоналари 80 га яқин давлатда иш олиб бормоқда.
Конрад Аденауэр номидаги фонд Христиан-демократик иттифоқ томонидан ташкил этилган ва Германиянинг энг йирик сиёсий фонди ҳисобланади. Фонд 1956 йилда урушдан кейинги биринчи Германия канцлери К.Аденауэр ташаббуси билан ташкил этилган ва 1964 йилдан унинг номи билан аталиб келмоқда. Фонд бошқаруви раиси – собиқ Бундестаг президенти Н.Ламмерт ҳисобланади.
Бошқарув таркибида Германия канцлери А.Меркель ҳам бор. Ҳозиги кунда фонд 200 дан ортиқ лойиҳани ҳаётга татбиқ этиб келаётган 120 та давлатда ўз ваколатхоналарига эга. Фаолиятининг асосий йўналишлари –давлатга фуқароларнинг сиёсий билимини оширишда кўмаклашиш, таҳлилий тадқиқотлар ўтказиш ва консультация воситасида сиёсий принципларни ишлаб чиқиш, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида учрашувларни ташкил этиш, ривожланаётган давлатлар ёшларининг тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, маданият ва санъатни равнақи йўлида кўмаклашишдан иборат. Фонд Ўзбекистонда 1993 йил Санкт-Аугустинада (ГФР) имзоланган “Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва К.Аденауэр номидаги фонд раҳбарияти ўртасида умумий келишув” асосида 1994 йилдан бери фаолият юритиб келмоқда.
ГЕРМАНИЯЛИК МУТАХАССИСЛАРНИ НИМА ҚИЗИҚТИРДИ?
Ўзбекистон делегацияси аъзолари 26 февраль куни Германиянинг фан ва сиёсат жамғармаси – халқаро сиёсат ва хавфсизлик институти раҳбари, профессор Фолькер Пертес билан учрашдилар.
Германиянинг фан ва сиёсат жамғармаси – халқаро сиёсат ва хавфсизлик институти (SWP) салкам 60 йиллик фаолияти давомида халқаро сиёсат ва хавфсизлик муаммоларини ўрганиш бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиб келмоқда. Ушбу марказ 1965 йиллардаёқ ҳукумат, ГФР Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Германия Бундестагининг энг ишончли ва асосий таҳлил марказларидан бирига айланган. Шу боис марказга ГФР ҳукуматининг махфий ва конфиденциал характердаги ҳужжат ва ахборотларини олиш ҳуқуқи берилган.
Мазкур учрашувда институт вакиллари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси қандай ўтгани, бунда фуқаролар иштирокининг фаоллиги, улардан қандай таклиф-мулоҳазалар келиб тушгани, бу жараёнда «Тараққиёт стратегияси» марказининг ўрни ва роли ҳақида маълумотлар олишга қизиқиш билдиришди.
Делегация аъзоларининг Германия Федереатив Республикасига ташрифи 26 февраль куни Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонасида ташкил этилган давра суҳбати билан якунланди. «Forum Neue Seidenstrasse e.V.» (FNS) ҳамда «Go East Generationen e.V.» (GEG) билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда 200 нафарга яқин иштирокчи қатнашди.
«Тараққиёт стратегияси» маркази Ахборот хизмати