
Пойтахтимиздаги “Таргет” халқаро мактаби ўқувчиларидан 30 нафари устозлари ҳамроҳлигида Германия Федератив Республикасида бўлиб қайтди.
Ёшларимиз Берлин, Мюнхен, Лейпциг шаҳарларидаги таълим муассасалари, йирик завод ва маданият саройларига боришди. ГФР пойтахтидаги “Ломоносов халқаро мактаби”да улар дарс жараёни, ўқитиш тизими билан танишиб, тенгдошлари билан фикр алмашди. Қизиқарли мулоқот давомида келгусида ўзаро ҳамкорлик қилиш, ўқувчилар алмашиш, биргаликда фан олимпиадалари ўтказишга келишилди.

Ўқувчи-ёшларнинг ишлаб чиқариш, бизнес, замонавий касблар, инновация ва технологияларга қизиқишини кучайтириш мақсадида BMW ва “Porshe” автомабиль ишлаб чиқариш корхоналарига ташкил этилган экскурсия чоғида ёшлар машинасозликка доир кўникмаларини оширишди.
Ўзбекистоннинг Германиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дилшод Аҳатов билан суҳбатда сўнгги йиллардан икки давлат таълим соҳасидаги ҳамкорлиги жадал ривожланаётгани қайд этилди. Ўқувчиларимиз келажакда Германия университетеларида таҳсил олиши, ишлаш имконияти билан боғлиқ саволларига атрофлича жавоб олишди.

– Техника йўналишида ўқиб, келгусида юртимизда экологик тоза, замонавий автомобиль ишлаб чиқарадиган завод қуришни мақсад қилганман, – дейди 7-синф ўқувчиси Абдулазиз Зокиржонов. – Техника ва муҳандислик юксак ривожланган Германияда ўқиб, билимимни бойитмоқчиман. Мазкур саёҳат соҳага қизиқишимни янада рағбатлантирди. Олдимга янада улкан мақсадлар қўйдим.
Ёш ҳамюртларимиз “University of Europe for Applied Sciences GmbH” таълим муассасида ҳам бўлиб, талабалар билан самимий мулоқот қилиб, дарс жараёнини кузатишди, маҳаллий кутубхонага боришди.

Ушбу давлатда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, бизнес юритаётган тадбиркорлар билан учрашиб, маҳорат сабоқларида иштирок этишди.
– Ўғил-қизларнинг фикрлаши ва дунёқарашини кенгайтириш, уларни илғор тажриба билан таништириш мақсадида мунтазам равишда ривожланган давлатларга саёҳат уюштирамиз, – дейди “Target” халқаро мактаби асосчиси Беҳзод Жалилов. – Яқинда бир гуруҳ ўқувчилар Хитой Халқ Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликларига борганди. Германияга саёҳат ҳам жуда фойдали бўлди. Ўқитиш тизимига янгиликлар жорий қилиш, изчил ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишувларга эришяпмиз. Ёзги таътилни мазмунли ташкил этиш мақсадида Туркия ва Буюк Британия оромгоҳларига ҳам саёҳат уюштирамиз.

Бир сўз билан айтганда музейлар, спорт мажмуалари, замонавий кўнгил очар масканларни ҳам кўздан кечирган ўқувчиларимиз Германиядан бир олам таассурот билан қайтишди.

Гўзал Сатторова, ЎзА мухбири