Германияда махсус хизматларга янги ваколатлар берилади(+видео)
Германия Федерал ҳукумати махсус хизматларни ислоҳ қилишга оид қонун лойиҳасини маъқуллади. Ушбу қонун терроризм ва экстремизмни аниқлаш ҳамда уларга қарши курашишни кучайтиришга қаратилган, дейилади Euronews хабарида.Янги қонунга кўра, Германия махсус хизматларига бошқа давлатларнинг махфий фаолиятига қарши курашиш учун ҳам қўшимча ваколатлар берилади. Келажакда махсус хизматлар киберҳужумлар ва Германияга қарши дезинформация кампанияларига нисбатан фаол чоралар кўриши мумкин. Масалан, ҳужум вақтида Федерал разведка хизмати бошқа давлатларнинг IT-инфратузилмасига кириш имконига эга бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, махсус хизматлар гумон қилинган шахсларнинг телефонларига кириш ҳуқуқига эга бўлади. Улар кимёвий қурол ишлаб чиқарадиган лабораториялар ва дрон заводларининг IT-тизимларига кириб, ишлаб чиқаришни тўхтатиши мумкин.
Шунингдек, давлат хакерлари гуруҳлари ёки дезинформация тарқатувчи ташкилотларнинг серверларини ўчириш ва ишдан чиқаришга ҳам рухсат берилади.
Германиянинг махсус хизматлар масалалари бўйича вакили Нина Варкеннинг айтишича, Германия доимий равишда эркин жамият, қадриятлар ва хавфсизликка қарши гибрид ҳужумларга дуч келмоқда. Унинг таъкидлашича, давлат фуқароларни ҳимоя қилиш вазифасини бажариши учун махсус хизматларга қўшимча ваколатлар ва оператив имкониятлар керак. Шу орқали Германия махсус хизматлари ҳамкор давлатларнинг махсус хизматлари билан тенг даражада ишлай олади.
Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт ҳам диверсия, жосуслик, киберҳужумлар ва хорижий давлатларнинг яширин операциялари янги чораларни талаб қилишини айтди. Унинг фикрича, махсус хизматларни ислоҳ қилиш ва уларга кенгроқ оператив ваколатлар бериш Германия хавфсизлигини кучайтиради. Бу орқали замонавий давлат терроризми ва экстремистик зўравонликка самарали қарши курашиш мумкин.
Шу билан бирга, қонун лойиҳаси жиддий танқидларга ҳам сабаббўлмоқда. Сўл партия депутати Клара Бюнгер ҳам қонун лойиҳасини кескин танқид қилди. Унинг айтишича, махсус хизматларга диверсия қилиш, фаол аралашиш ва давлат хакерлик ҳужумларини амалга ошириш ваколатларини бериш, янги немис махфий полициясини яратиш билан баробар. Бюнгер буни тарихий сабоқларни унутиш ва масъулиятсизлик деб атади. Унинг фикрича, ислоҳотдан кейин махсус хизматларнинг кузатув ваколатлари Конституция рухсат берган чегаралардан ҳам ошиб кетиши мумкин. Энди ёзги таътилдан кейин қонун лойиҳасини Бундестаг кўриб чиқади ва тасдиқлаши мумкин.
<iframe width="640" height="350" src="https://www.youtube.com/embed/Vz8CfP9o44o" title="Germaniyada maxsus xizmatlarga yangi vakolatlar beriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов, ЎзА