Германияда масжид пулемётдан ўққа тутилди
Германиянинг Саксония-Анхалт провинциясидаги масжидга пулемёт ҳужуми уюштирилган.
Полиция ходимлари воқеа юз берган жойда уч дона ўқ топди ҳамда гувоҳлардан сўраб-суриштириш орқали масжид қаршисидаги бинода яшовчи 55 ёшли эркак ўз уйидан масжидга қарата ўт очганини аниқлашга муваффақ бўлди.
Баёнотда айтилишича, гумонланувчи уйидан топилган иккита қурол мусодара қилинган.
— Яхшиямки, ҳеч ким жабрланмади, — деди Германия Мусулмонлар марказий кенгаши аъзоси. — Муслимларга нисбатан ирқчилик кайфиятидаги ҳолат нафақат сўзда, баъзан амалда ҳам учраб туради. Ушбу масжидга аввал ҳам хуруж қилишган.
Ҳали тергов ва сўроқ давом этяпти.
Кейинги йилларда Германияда бундай салбий воқеалар бироз кўпайган. ГФР мусулмонлар сони бўйича Ғарбий Европада Франциядан кейин иккинчи ўринда турувчи, 81 миллион аҳолига эга давлат. Мамлакатдаги, қарийб, 4,7 миллион ислом динига эътиқод қилувчиларнинг 3 миллиони турк миллатига мансуб.