Германияда эпидемиологик вазият ёмонлашган
Германия соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах ўтган ҳафта коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият анча ёмонлашганини маълум қилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” агентлиги хабар бермоқда.
– Мамлакатда инфекцияни юқтириш даражаси кескин ошди. «Омикрон» штамми вируснинг енгил варианти эканини илгари суриш мутлақо нотўғри, – деди вазир мазкур мавзуга бағишланган матбуот анжуманида.
Манбанинг ёзишича, Германияда пайшанба куни 250 мингдан ортиқ фуқаро коронавирус инфекциясини юқтириб олган, кунлик статистик кўрсаткич рекорд даражага етган. Эртаси куни, 11 мартда ҳам 252 минг 836 кишида вирус аниқланган.
Мутахассислар таъкидлашича, айни пайтда тест марказлари имконияти чеклангани туфайли вазият издан чиққан, бу рақамлар яна ортиши мумкин. Шундай бўлса-да, Германия 20 мартдан бошлаб коронавирусга қарши айрим чекловларни бекор қилишни режалаштиряпти.
Маълумот ўрнида, 14 март ҳолатига кўра, мамлакатда жами 17 миллион 240 минг 479 киши COVID-19 касаллигига чалинган, шундан 126 минг 109 нафар фуқаро вирус қурбони бўлган.