Германия ҳукуматида катта ўзгаришлар
Янги Бундестагнинг биринчи мажлиси куни ГФР етакчиси Франк-Вальтер Штайнмайер федерал канцлер Олаф Шольц ва ҳукуматнинг 14 та вазирига истеъфога чиқиш сертификатларини топширди. Бу ҳақда “Dw.com” сайти хабар бермоқда.
Германия Федератив Республикаси конституциясининг 69-моддасига кўра, янги Бундестаг чақирилган куни канцлер ва вазирлар ўз фаолиятини тўхтатадилар. Унинг биринчи йиғилиши 25 март куни бўлиб ўтди. Бироқ Штайнмайер Шольц ва барча 14 вазирдан вақтинчалик лавозимда яна бир неча ҳафта қолишни сўради. Ушбу тартиб қонун билан ҳам назарда тутилган.

Штайнмайер вазирлар олдидаги нутқида уларга “миннатдорлик” изҳор қилди, Шольцни “ақл овози” деб атади ва унинг айниқса, Украинадаги низо оқибатларини бартараф этишдаги “саъй-ҳаракатларини” юқори баҳолади.
Орадан бироз ўтиб, Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ)дан Юлия Клёкнер Бундестагнинг янги президенти этиб сайланди. Унда 630 депутатдан 382 нафари Клёкнер номзодини қўллаб-қувватлади. 204 нафар овоз қарши, яна 31 нафари бетараф, беш нафари эса ҳақиқий эмас деб топилди.

Йиғилишдаги биринчи нутқида янги раис кейинги сайлов ислоҳотини қўллаб-қувватлади. Унинг эслатишича, амалдаги сайлов қонунчилигига кўра, Германиянинг 23 та сайлов округида бевосита сайланган номзодлар мандат олмаган.
Бу, агар тўғридан-тўғри сайланган номзодлар сони пропорционал вакиллик тизими бўйича партия олиш ҳуқуқига эга бўлган сондан ошса содир бўлади. ХДИ асосан “етим қолган” туманларда ғалаба қозонганлиги сабабли, айнан шу партия ислоҳотлар тарафдори.
Маълумот ўрнида: Бундестаг президенти Германияда Федерал президентдан кейин иккинчи энг муҳим лавозимдир. Клёкнер 2002 йилдан 2011 йилгача Бундестаг депутати бўлиб ишлаган. 2018 йилдан 2021 йилгача Германия қишлоқ хўжалиги вазири бўлган. 2021 йил сентябрида сиёсатчи парламентга депутат сифатида яна қайтди.
М.Пирматова, ЎзА