Германия элчиси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельдни қабул қилди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Германиянинг сиёсат, савдо-иқтисод, инвестиция соҳаларидаги ҳамда молиявий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа муносабатларининг ҳозирги ҳолати, алоқаларни янада ривожланиш истиқболи муҳокама қилинди.
Турли даражадаги бўлғуси учрашувлар жадвали ва кун тартиби бўйича фикр алмашилди.
Парламентлараро алоқалар кўламини кенгайтириш, жумладан, Олий Мажлис вакилларининг Германияга ва Бундестаг вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзаро савдони кучайтириш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ва Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларида қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
ЎзА