Германия 2 миллиард евролик ҳарбий лойиҳадан воз кечди
Германия мудофаа вазири Борис Писториус дунёнинг энг йирик ҳарбий кемаларидан бирига айланиши кутилган F-126 фрегати лойиҳасини қайта кўриб чиқмоқда. Ҳозиргача 2,3-2,4 миллиард евро сарфланганига қарамай, Берлин энди кичикроқ ва самаралироқ бошқача ҳарбий кемага эътибор қаратмоқчи.
F-126 лойиҳаси илк бор Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Германия мудофаа вазири бўлган даврда бошланган. Кейинчалик муайян кечикиш ва техник муаммо юзага келди. Охирги режага кўра, илк кема 2029 йил топширилиши керак эди.
Германия матбуоти хабар беришича, ҳукумат эндиликда саккизта MEKO A-200 туридаги фрегат сотиб олишни режалаштирмоқда. Бу кемалар “Thyssen Krupp Marine Systems” – TKMS компанияси томонидан ишлаб чиқарилади. Ҳар бир кеманинг қиймати тахминан 1,6 миллиард еврони ташкил этади. Янги кўринишдаги фрегатлар F-126 билан солиштирилганда анча кичик. Масалан, F-126 узунлиги 166 метр, сув сиғими 10 500 тонна бўлиши керак эди. MEKO A-200 эса 120 метр узунликка ва 4,2 минг тонна сув сиғимига эга.
Қизиғи шундаки, кема ҳажми кичрайса-да, буюртма миқдори ошмоқда. Илгари 6 фрегат харид қилиниши режалаштирилган, энди бу рақам 8 тага етади. Воқеа фонд бозорига ҳам таъсир қилди. Хабарлар ортидан TKMS акцияси тахминан 10 фоиз кўтарилиб, “Rheinmetall” акцияси арзонлади. Зеро, F-126 лойиҳаси учун масъул “Lürssen Naval Vessels” компанияси 2025 йил “Rheinmetall” таркибига қўшилган.
Мазкур қарор Яқин Шарқдаги вазият билан ҳам боғлиқ. Германия, Франция ва Буюк Британия Ҳурмуз бўғозида хавфсизлик амалиётида иштирок этиш имкониятини муҳокама қиляпти. Немис ҳарбий-денгиз кучлари аллақачон минтақага “Fulda” фрегати ва “Mosel” таъминот кемасини юборган.
Кузатувчилар фикрича, айни пайт Германия ҳарбий стратегияси муҳим ўзгаришни бошдан кечирмоқда. Мамлакат энди улкан ва қиммат ҳарбий платформадан кўра, тезкор ҳаракат қилиш имкони юқори кемаларга устуворлик бермоқда. Бу Европада хавфсизлик муҳити ўзгараётганининг яна бир белгиси сифатида баҳоланяпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА