Геологлар Наврўзни кўтаринки кайфиятда нишонлади
Наврўз – бу нафақат баҳорнинг келиши, балки халқимизнинг қадриятлари, анъаналари ва ҳаётга бўлган умид-ишонч рамзи ҳамдир. Шу сабабли, бу кунни юртимиз аҳолиси кўтаринки кайфиятда кутиб олади.
Айни кунларда давлат идоралари ва ташкилотларда ҳам ушбу айём кенг нишонланмоқда.
Бугун Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, “Ўзбек геология қидирув” АЖ ва “Ер қаъридан фойдаланиш маркази” давлат муассасаси ҳамкорлигида ташкил этилган Наврўз тантаналари иштирокчиларда катта таассурот уйғотди.
[gallery-28338]
“Ўзбек геология қидирув” АЖ ахборот хизмати раҳбари Миршод Қўлдошев бу ҳақда қуйидагиларни гапириб берди:
– Наврўз байрами нафақат миллий қадриятларимизга эътиборни кучайтириши, балки ходимларимиз ўртасида ҳамжиҳатлик ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Баҳор билан бирга геологлар учун дала ишлари ва тадқиқот жараёнлари янада фаоллашади. Янги конларни кашф этиш ва илмий изланишларни давом эттириш имкониятлари очилади.
“Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир” шиори остида ташкил этилган ушбу тадбирда вазирлик ва тизим ташкилотлари ходимлари фаол иштирок этди.
Айтиш керакки, баҳорнинг кириб келиши геология соҳасида фаолият юритаётган ходимлар учун алоҳида мазмун касб этади. Чунки, бу фасл нафақат табиатнинг янгиланиши, балки янги изланишлар, янги экспедициялар ва янги марраларни забт этиш даврининг бошланишидир. Ер қаъридаги бойликларни излаб топиш, уларни илмий асосда ўрганиш ва мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига хизмат қиладиган янги конларни аниқлаш йўлида геологлар фидокорона меҳнат қилади. Шу боис, баҳор фасли геология соҳаси ходимлари учун янги имкониятлар, янги ютуқлар ва муҳим натижаларга бой давр сифатида қаралади.
Байрам давомида миллий ўйинлар ва кўнгилочар мусобақалар ҳам ўтказилди. Шунингдек, “Энг чиройли миллий либос эгаси” танлови ҳам ташкил этилди. Наврўз сайлининг энг муҳим қисми – сумалак сайли ва миллий таомлар маросими қизиқарли бўлди.
Байрам якунида фаол иштирок этган ходимларга эсдалик совғалари топширилди. Тадбир жамоавий суратга тушиш ҳамда эзгу тилаклар билан якунланди.
Н.Зиёдуллаева, Ў.Ҳайитов (сурат), ЎзА