Геология соҳасида инновацион технологиялар бўйича ҳамкорлик ривожлантирилади
Бугунги кунда геология соҳасини замонавий технологиялар асосида ривожлантириш, геологик маълумотларни рақамлаштириш ва уларни таҳлил қилишда инновацион ёндашувлардан фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга.
Айниқса, сунъий интеллект технологияларини соҳада кенг қўллаш геологик тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, маълумотларни тезкор таҳлил қилиш ва муҳим минерал ресурсларни аниқлаш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Айнан шу йўналишдаги вазифалардан келиб чиқиб, Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова “PwC Consulting” компанияси вакили Дэвид Гогинашвили билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.
Мулоқот давомида геология ва муҳим минераллар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, музокараларда соҳада замонавий рақамли ечимлардан фойдаланиш, илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва технологик ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш бўйича фикр алмашилди. Бу борада ўзаро тажриба алмашиш ва истиқболли йўналишларда амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар геология соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, истиқболли йўналишларда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА