“Навоийуран” давлат корхонасининг асосий фаолият турларидан бири геология-қидирув ишларини олиб бориш орқали янги истиқболли уран конларини излаб топиш ва захираларни оширишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикаси минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастурларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ 2024 йил учун “Уран минерал хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш давлат дастури” тасдиқланган.
Геология-қидирув ишлари орқали Букантоғ ва Томдитоғ тоғларининг ён бағирларидаги уран мавжуд ҳудудларни ўрганиш, шунингдек, башорат-тематик лойиҳалар доирасида янги истиқболли майдонларни аниқлаш корхона тасарруфидаги “Уран ва ноёб металлар геологияси” илмий-ишлаб чиқариш маркази ва унинг “Нурота”, “Букантау”, “Зирабулоқ” геология-қидирув экспедициялари ҳамда Геология-қидирув партиясига юклатилган.
Ҳозирда ушбу экспедиция геолог ва мутахассислари ҳамда “Букантау” геология-қидирув экспедицияси томонидан Учқудуқ, Зиёкон, Мингбой, Майлисай, Томди туманида жойлашган Қизилқоқ, Ауминза, Тошқўра, Муллали, Нурафшон, Жасага ва Оқберди дала майдонларида бурғилаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бунинг самарасида геология-қидирув экспедициясида башорат ресурслари ва уран захираларини ўстириш режалаштирилган. Шунингдек, жорий йилда 3 та янги майдонларда геология-қидирув ишлари олиб бориш кўзда тутилган.
Айни пайтда экспедицияда 10 та бурғилаш қурилмалари мавжуд. Улар ёрдамида ўтган 2023 йилда 203 минг погона метр бурғилаш ишлари бажарилган бўлса, бу кўрсаткични жорий йил якунигача 270 минг погона метрга етказиш режалаштирилган.
А.Бўриев, ЎзА мухбири