Географик объектлар номлари давлат тили меъёрларига мослаштирилмоқда
Мамлакатимизда географик объектлар номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараён топонимларни ягона тартиб асосида расмийлаштириш, харита ва ахборот кўрсаткичларида номларнинг тўғри қўлланилишини таъминлаш ҳамда давлат тили талабларига риоя этишга хизмат қилади.
Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 9 июлдаги “Мамлакатимиздаги айрим дарёлар, сойлар, кўллар, булоқлар, шаршараларнинг номларини давлат тили қоида ва меъёрларига мувофиқлаштириш ҳамда уларга янги ном бериш тўғрисида ”ги қарори доирасида тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Самарқанд вилояти Иштихон туманининг “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси тасарруфидаги сойларга давлат тили талабларига мувофиқ тайёрланган лотин ёзувидаги ахборот кўрсаткичлари ўрнатилмоқда.
Айни пайтда Алидаразсой, Каттасой, Тўсинсой ва Оқтепасой сойларида янги ахборот кўрсаткичларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Сув хўжалиги ахборот хизматига кўра, мазкур тадбирлар географик объектлар номларини ягона тартибга келтириш, давлат тили талабларига тўлиқ амал қилиш ва аҳоли учун тушунарли ҳамда ишончли ахборот муҳитини шакллантиришда муҳим ҳисобланади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА