Генерални асир олган ўзбекистонлик жангчи
Хотира ва қадрлаш куни олдидан
Уруш тегирмонидан омон чиқиб, салкам бир асрга тенг умр кўриш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги «Бирлик» МФЙ Зафар кўчаси, 15-уйда истиқомат қилиб келаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бексеит Баймирзаев ана шундай инсонлардан бири.
Бексеит отага эҳтиром кўрсатиб, унинг хонадонида меҳмон бўлганлар 97 ёшли уруш фахрийсининг тетиклигидан ҳайратланган бўлса, ажаб эмас. Чунки меҳмонларни қучоқ очиб кутиб олган отахонни кўкрагидаги орден-медалларсиз кўрган одам 97 ёшни қаршилаган деб ўйламайди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси Умумқўшин факультети курсантлари ва офицерлари, Юқори Чирчиқ тумани мудофаа ишлари бўлими ходимлари, маҳалла фаоллари, шифокорлар ҳамда тумандаги 24-умумтаълим мактаби ўқувчиларидан иборат гуруҳни уруш фахрийси бир томони кенг далаларга туташиб кетган ҳовлисидаги сўрида хурсандчилик билан кутиб олди.
– 1942 йили Педагогика билим юртида ўқиб юрган кезларим фронтга чақирув қоғози келди, – деди отахон ўз бошидан кечирганлари ҳақида хотирлар экан.
– Аввалига Куйбишев (ҳозирги Самара) шаҳридаги Сержантлар тайёрлаш марказида 3 ойлик курсга жўнатишди. Шундан сўнг 1-Украина фронти 164-алоҳида артиллерия бригадаси таркибида алоқачи, кейинчалик миномёт батальонида бўлинма командири сифатида жангларда қатнашдим. Батальонимиз билан Украина, Польша ва Чехословакиянинг ўнлаб шаҳарларини фашист босқинчиларидан озод қилиб, ғалабани 10 май куни Прага остонасида кутиб олганмиз.
Уруш ўз номи билан уруш. Жангларда кўплаб қуролдош дўстларимдан айрилдим. Бир неча марта фашистларни асирга тушириб келиш учун жўнатилган разведка гуруҳларида қатнашдим. Командирлар томонидан берилган топшириқларни бажариш чоғидаги хизматларим учун «II даражали Ватан уруши», жанговар «Қизил байроқ» орденлари ва бир қатор медаллар билан тақдирландим.
Прага остонасидаги сўнгги жангдан кейин батальондаги ёши катта жангчилар ўз Ватанига жўнатилди. Мен бошқа қуролдош дўстларим билан 1- ва 2-Узоқ Шарқ фронтида япон империалистларига қарши урушда қатнашдим. Жангчи учун энг қадрли бўлган «Қизил Юлдуз» орденини айнан япон урушидаги қаҳрамонлигим учун беришган. Жангларнинг бирида бўлинмамиз билан душман қўмондонлик штабини ишғол қилдик. Қаршилик кўрсатиш бефойдалиги, тепада бизни қўллаб-қувватлаб турган авиация борлигини билган ва кўп қон тўкилиши мумкинлигидан чўчиган япон аскарлари қўмондонлик штабининг генерал ўтирган хонасини кўрсатиб юборди. Ўзини харакири қилишга улгурмаган генерал ҳам таслим бўлишдан бошқа чора топа олмаганди... Қишнинг қаҳратон совуғи, иссиқ ва ёмғирли кунлар, озиқ-овқат танқислигига қарамай душман устидан ғалаба қозондик. Не-не навқирон йигитлар уруш майдонларида нобуд бўлишди. Улар қаторида укам Мамай Баймирзаев ҳам бор эди. Урушдан кейин укамнинг тақдирини сўраб-суриштирганимда Мамай Сталинград учун бўлган жангларда ҳалок бўлганлигини аниқладим. Яна бир укам – Тоғай Баймирзаев менга ўхшаб фронтдан эсон-омон қайтиб келган.
Хонадонимга меҳмон бўлиб келган ўғил-қизларим! Биз кўрган кунлар ҳеч қачон сизларнинг бошингизга тушмасин. Тинч-осуда кунларнинг қадрига етиб, фақат илм олиш орқали юртимиз келажагининг пойдеворини мустаҳкамлашда ўз ҳиссангизни қўшинг. Ватан ҳимоячиси бўлишга аҳд қилган бўлғуси офицерлар, сизларга насиҳатим шуки, ҳамиша ўз севган касбингизга содиқ бўлиб, шарафли касбингиз ортидан фақат ва фақат ҳурмат-эътибор топинг.
Бексеит Баймирзаев юртимизга, тинчлигимизга, тўкин ҳаётимизга шукроналик келтириб, ёшларни ана шу тарзда дуо қилди.
Мактаб ўқувчилари ва курсантларга ҳамроҳлик қилган Қуролли Кучлар академияси офицерлари – полковниклар Муҳиддин Умаров, Ҳикматулло Тўхтабоев, Юқори Чирчиқ тумани мудофаа ишлари бўлими бошлиғи подполковник Азамат Мусакулов, 24-умумтаълим мактаби ҳарбий тайёргарлик бўйича ўқитувчиси Маматали Авазов отахоннинг ўгитлари ва уруш хотиралари ёшларда ватанпарварлик, юртга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашини таъкидладилар.
Тадбир ташкилотчилари «Бирлик» МФЙ Чаманзор кўчаси, 48-уйда қарилик гаштини суриб келаётган Андақул ота хонадонида ҳам меҳмон бўлдилар. 1943 йили фронтга жўнатилган Андақул Худойбергенов Беларусь фронтида фашист босқинчиларига қарши жангларда қатнашди. 1945 йил бошида чап қўлидан оғир яраланган жангчи ҳарбий комиссия қарори билан демобилизация қилиниб, кўксида бир қатор медаллар ва I даражали «Ватан уруши» ордени билан юртига қайтиб келди. Урушдан кейин 30 йилдан ортиқ Юқори Чирчиқ тумани санитария-эпидемиология бўлимида фидокорона ишлади.
Якунда мактаб ўқувчилари ва курсантлар уруш фахрийларининг ҳовлиларида ободонлаштириш ишларини амалга оширди.
«Vatanparvar» газетаси
мухбири Асрор РЎЗИБОЕВ
ЎзА учун махсус тайёрлади.