Генерал-майор Азизбек Икрамов пойтахтдаги қутқарув қисмлари фаолиятини ўрганди
Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Азизбек Икрамов Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Миробод, Яшнобод, Бектемир ва Яккасарой туманларида жойлашган қутқарув қисмларида бўлиб, уларнинг фаолияти ва хизматни ташкил этиш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Вазир қутқарувчилар билан самимий мулоқотда бўлиб, уларнинг хизмат фаолияти, мавжуд имкониятлар ва таклифлари билан қизиқди. Қутқарув қисмларида хизматни янада самарали ташкил этиш, шахсий таркиб учун замонавий, қулай ва муносиб хизмат шароитларини яратиш, қутқарувчиларнинг касбий маҳоратини мунтазам ошириб бориш юзасидан масъулларга тегишли тавсия ва топшириқлар берди.

Ўрганиш давомида қутқарув қисмларида шахсий таркиб учун яратилган шарт-шароитлар ҳам кўздан кечирилиб, олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, инфратузилмани такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди.

Шунингдек, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларга тезкор ва самарали жавоб қайтаришда қутқарув қисмларининг шайлигини янада мустаҳкамлаш муҳим вазифа экани таъкидланди.
Г.Бобоева,ЎзА