Сенатда “Гендер тенглик фаоли” миллий кўрик-танловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда танловнинг туман (шаҳар), вилоятлар (Қорақалпоғистон Республикаси) ва Тошкент шаҳар босқичлари натижалари ҳамда республика босқичига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Танлов жараёнларини оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг июль-сентябрь ойларида ҳудудларда танловнинг дастлабки босқичлари юқори савияда ўтказилди.
Туман (шаҳар) босқичларига жами 1 минг 460 ариза келиб тушди. Улардан 1 минг 118 таси танлов низоми талабларига мувофиқ ўрганилиб, бир қатор номинациялар бўйича баҳоланди. Натижада 455 ташкилот танловнинг ҳудудий босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари август-сентябрь ойларида бўлиб ўтди. Бу босқичларда 455 ташкилот фаолияти танлов низоми асосида баҳоланди.
Ишчи гуруҳлар томонидан ташкилотлар фаолияти жойларга чиқиб ўрганилди. Натижада 82 ташкилот ғолиб деб топилиб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш учун тавсия этилди.
Йиғилиш якунида комиссия аъзолари томонидан ҳудудларда ўтган танлов босқичи иштирокчилари ҳужжатларини янада атрофлича ўрганиш, низом талабларига амал қилиниши ҳолатини жойига чиқиб текшириш вазифалари белгиланди.
Н.Абдураимова, ЎзА