Гендер тенглик: бошқарувда аёлларнинг ўрни
Жиззах вилояти ҳокимлигида вилоятдаги раҳбар аёллар иштирокида “Хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи, Сенатор Назира Муҳторова ва бошқалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2024 йил 10 февралдаги қарор иловаси билан тасдиқланган 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш Стратегиясини 2024 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижроси борасида сўз юритди.

Олий Мажлис Сенатининг ушбу дастур доирасида қарорлар қабул қилиш ва ижро этишнинг барча соҳаларда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш ҳамда инсоннинг фундаментал ҳуқуқларига риоя қилиш мақсадида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда гендер тенглик тарғиб қилинишини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбирда Стратегияда барча учун тенг ҳуқуқли ва сифатли таълимни таъминлаш, қишлоқ жойларида қизларнинг олий маълумотга эга бўлиши, хотин-қизлар гендер тенглигига эришиш, зўравонликка йўл қўймаслик, одам савдосининг олдини олиш каби масалалар қамраб олинганига асосий эътибор қаратилди.

Шунингдек, ушбу дастурнинг 26-бандига кўра, раҳбарлик лавозимида фаолият юритаётган хотин-қизлар томонидан аҳолини, айниқса, хотин-қизларни ташвишга солаётган муаммоларни бевосита ҳудудга чиқиб ҳал қилиш амалиётини кенгайтириш, бу борада алоҳида режа ишлаб чиқиш ҳамда жойларда муаммоларни ўрганиш ва тегишли чоралар кўрилишини таъминлаш борасидаги вазифаларга алоҳида урғу берилди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири