Гендер тенглиги – манфаатлар ҳамоҳанглиги
Шарқ қомусий олими Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида тенглик ҳукм сурган давлатни фозилликка интилган давлат сифатида қайд этган.
Кундалик ҳаётий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, халқ фаровонлиги, жамият тинчлиги ҳамда иқтисодий барқарорликда эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги муҳим ўрин тутади. Гендер тенглигини таъминлаш бўйича давлат миқёсида ишлаб чиқилган қонун ва дастурлар ҳам муҳим аҳамиятга эга.
"Гендер" тушунчаси фақат аёллар манфаатларини ифодаламайди. Балки ҳар икки жинс вакилларининг ўз орзу ва мақсадлари сари дадил одимлаши, ҳаёт сифатини ошириш учун бир хил имкон бериш кераклигини илгари суради. Айнан ривожланган жамиятнинг талабларидан бири бу эркак ва аёл ҳуқуқлари тенглигининг таъминланишидадир.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси аъзолари билан учрашдик. Мулоқот давомида Маданият вазирлиги ва унинг тизимларида гендер тенглик сиёсати ва унинг ижроси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан фикр-мулоҳаза алмашдик.
Мулоқотимиз қизиқарли ва самимий суҳбат асосига қурилди. Комиссия аъзолари томонидан вазирликда ташкил этилган ишлар сарҳисоби юқори баҳоланди. Жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар рўйхати шакллантирилиб, аёлларга нисбатан бевосита ва билвосита камситиш ҳолатлари ўрганилганлиги, гендер тенглик масалалари акс этган спектакллар саҳналаштирилганлиги, видеороликлар тайёрланиб, аёллар орасидан раҳбар кадрлар заҳирасининг шакллантирилганлиги эътироф этилди. Шу билан бирга, кейинги тарғибот-ташвиқот ишларида вазирлик билан ҳамкорлик қилиш таклифи илгари сурилди.
Айтиш жоизки, Комиссия аъзолари томонидан берилган таклифлар юзасидан Маданият вазирлиги имкониятларидан келиб чиқиб, гендер тенглиги мавзусидаги тарғибот ишларида ҳамкорликка тайёрмиз.
Жамол Носиров,
Маданият вазирининг биринчи ўринбосари.
ЎзА