Гендер мувозанати индекси бўйича ижобий силжиш
Ўзбекистон Гендер мувозанати индекси бўйича 2026 йилда ижобий силжишга эришди. “Расмий пул-кредит ва молиявий институтлар форуми” томонидан юритиладиган индекс ҳисоботига кўра, мамлакатимиз Марказий банки рейтингда 10 поғонага юқорилаб, 174-ўриндан 164-ўринга кўтарилди.
«Оила ва гендер» илмий тадқиқот институти маълумотига кўра, ушбу индекс 2014 йилдан бошлаб юритиб келинади ва марказий банклар, тижорат банклари, пенсия жамғармалардаги гендер мувозанатини ўрганади. Индекс методологияси умумий ижтимоий кўрсаткичлар бўйича эмас, балки молиявий институтлар раҳбарияти таркиби орқали баҳолайди.
2026 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки расмий сайтида бошқарув таркибида раис, биринчи ўринбосар ва ўринбосарлар фаолияти кўрсатилган. Шунингдек, “Бош директорлар” бўлимида Молиявий оммабоплик бўйича бош директор ҳамда Лойиҳалар, жараёнлар ва маълумотларни бошқариш бўйича бош директор лавозимларида аёллар фаолият юритаётгани қайд этилган.
Айнан ушбу омил Ўзбекистоннинг Гендер Мувозанати Индекси бўйича 2026 йилда маълум даражада ўсишига таъсир қилган муҳим омиллардан бири сифатида баҳоланиши мумкин. Яъни, аёлларнинг стратегик ва функционал бошқарув лавозимларида пайдо бўлиши молия тизимида гендер вакиллиги аста-секин кенгаяётганини англатади.
Н.Усмонова, ЎзА