Ғазода инқироз кучаймоқда
Исроил томонидан ўт очишни тўхтатиш келишувига зид ҳолда Фаластин ҳудудига етказилаётган ёрдам йўли тўсиб қўйилишидан ўн кун ўтгач, ХАМАС Ғазода яқинлашиб келаётган очарчиликдан огоҳлантирди.
“Irna news” ёзишича, кўмак ўтиш жойлари ёпилиши ва зарурий таъминот чекланиши сектордаги икки миллиондан зиёд фаластинликнинг азоб-уқубатини янада кучайтирган. Натижада озиқ-овқат нархи кўтарилиб, тиббий буюмлар етишмовчилиги кузатилмоқда.
Ҳаракат қамал қилиш халқаро гуманитар ҳуқуқ ва Женева конвенцияси бузилиши эканини таъкидлаб, юзага келган вазиятни уруш жинояти ва тинч аҳолига қарши жамоавий жазо тури сифатида баҳолади. Шунингдек, ёрдам оқимидан сиёсий восита сифатида фойдаланилишини қоралаб, бу усул Фаластин халқининг қонуний ҳуқуқ учун курашдаги қатъиятини заифлаштира олмаслигини таъкидлади.