Исроил армиясининг Ғазо ҳудуди яқинида амалга оширган ҳаво ҳужуми оқибатида ҲАМАСнинг ҳарбий бўлинмаси қўмондони Раид Саад ҳалок бўлди, деб ёзмоқда “Euronews” нашри.
Таъкидланишича, зарба натижасида камида тўрт киши ҳалок бўлган, 25 киши жиддий жароҳатланган. Гуруҳ ушбу ҳужумни сулҳ битимининг қўпол бузилиши деб атаб, Исроил келишувга амал қилмаётганини маълум қилди ва воситачилар, хусусан АҚШни вазиятга аралашишга чақирди.
Исроил томони эса Раид Саадни 2023 йил 7 октябрь ҳужумининг асосий ташкилотчиларидан бири сифатида айблаб, у сулҳ шароитида ҳарбий салоҳиятни қайта тиклаш билан шуғулланганини билдирди.
Томонлар бир-бирини айблашда давом этар экан, Ғазодаги гуманитар вазият тобора оғирлашмоқда. Расмий маълумотларга кўра, битим даврида Исроил ҳужумлари оқибатида юзлаб фаластинликлар ҳалок бўлган. Гуманитар ташкилотлар ёрдам етарли эмаслигини, айниқса, бошпана ва тиббий воситалар танқислигини таъкидламоқда.
Кучли ёмғирларва совуқ об-ҳаво вақтинчалик лагерларда яшаётган минглаб одамлар аҳволини янада таранглаштирган. БМТ ва халқаро ташкилотлар Ғазога тўсиқсиз гуманитар ёрдам киритилишини талаб қилмоқда, бироқ томонлар ўртасидаги кескинлик сулҳ келажагини ҳам, ҳудуддаги тинч аҳоли хавфсизлигини ҳам жиддий хавф остида қолдирмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА