Сўнгги йилларда интернетнинг кескин тараққиёти, ахборот технологияларининг кундалик ҳаётимизга чуқур сингиб бориши натижасида анъанавий оммавий ахборот воситалари, хусусан, газеталар жиддий синовлар қаршисида қолмоқда. Янгиликлар, мақолалар, ҳатто китобларни мобил иловалар, аудиокитоблар, электрон кутубхоналар орқали ўқиш ва эшитиш имкониятининг пайдо бўлиши газеталар фаолиятига сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда. Эндиликда кўпчилик шахсий мобил қурилмаси орқали дунё воқеаларидан хабардор бўлишни афзал билади. Бу ҳолат эса “Газеталар йўқ бўлиб кетадими?” деган саволни келтириб чиқармоқда.
Газета ва журнал илк бор пайдо бўлган даврларда ҳам шунга ўхшаш хавотирлар мавжуд эди. Айрим адабиётшунослар ва файласуфлар матбуотнинг ривожланиши китобларнинг қадрсизланишига олиб келади, деб ўйлашган. Бироқ вақт ўтиши билан бу фикрлар асоссиз экани исботланди. Китоб нафақат ўз ўрнини сақлаб қолди, балки маданий ҳаётнинг ажралмас қисмига айланди. Демак, янги ахборот воситаларининг пайдо бўлиши эски форматларнинг буткул йўқ бўлиб кетишига эмас, балки уларнинг ўзгаришига, янгиланишига сабаб бўлади.

Газета – бу шунчаки янгилик тарқатувчи восита эмас. У ижтимоий фикр шаклланишига хизмат қилувчи, журналистик таҳлил, муаллиф фикри, чуқур ёндашувни ўзида мужассам этган ахборот манбаи. Газеталар орқали воқеалар кенг контекстда, тарихий, сиёсий ва ижтимоий таҳлиллар билан ёритилади. У бугунги тезкор, аммо кўпинча юзаки хабарлар оқимидан фарқли равишда чуқур мушоҳада, таҳлил ва баҳс-мунозарага асосланади.

Газетанинг умрбоқийлигини таъминлаш, уни келажак авлодлар онгида сақлаб қолиш учун аввало маълум қадар рақамли форматга ҳам мослаш керак. Анъанавий газета босма нашр сифатида сақланиши билан бирга, у замонавий рақамли технологиялар билан ҳамнафас бўлиши лозим. Рақамли газеталар, мобил иловалар, интерактив контентлар орқали аудиторияга етиб бориш замон талаби.
Газета янгиликни эмас, балки унинг таҳлилини, сабаб ва оқибатини, муҳим фактлар асосидаги фикрларни етказиши билан рақобатда устунликка эриша олади. Ҳар бир мақола мазмунига чуқур эътибор қаратиш, таҳлилий мазмунга эга мақолалар орқали газетхон савияси ва билими юксалишига маълум қадар ҳисса қўшиш мумкин.
Ҳар бир ҳудудга хос муаммолар, маданият, қадриятлар ҳақида ёритувчи газеталар аҳолининг ишончини қозониши ва аудиторияни сақлаб қолиши мумкин. Қолаверса, хорижнинг йирик, ўз мавқеини рақамли дунёда дадил ҳимоя қилаётган газеталарининг иш услуби ва йўналишидан намуна олиш лозим. Чет элда нашриётлар ўқувчини қизиқтириш учун маълум вақтларда метро ва поездларда текин газета тарқатиши ёки газеталар кросворд ва қисмли қизиқ ҳикоялар билан ҳам бойитилиши мумкин.
Демак, газеталар буткул йўқ бўлиб кетмайди. Улар янгиланади, замон билан ҳамнафас бўлади, лекин ўз моҳиятини – ижтимоий фикр тарбиячиси, ахборот воситаси ва маданий қадрият сифатидаги ўрнини сақлаб қолади. Аслида, муаммо газетада эмас, уни жамиятда қандай қабул қилишимизда. Агар биз газетани фақат янгилик манбаи деб эмас, балки маданий-маънавий қадрият сифатида қадрласак, уни асрай оламиз. Шу боис, газетачиликни ривожлантириш – бу нафақат журналистларнинг, балки ҳар бир онгли инсоннинг вазифаси.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА