Газчилар 24 соатлик иш режимида ишламоқда
Инсон зоти борки, аслида бир-бирига хизмат қилиб яшайди. Жамиятда шундай касблар борки, бу соҳалар эгалари куну тун аҳоли хизматида бўлади. Бундай касб ҳақида гап кетса, газ таъминотининг ишчи-ходимлари ҳам ҳамиша истеъмолчилар хизматига шай турадиганлар сифатида эътироф этилади.
Айниқса, қиш фаслида уларнинг тунларни беҳаловат ўтказиб, миллионлаб истеъмолчини табиий газ билан узлуксиз таъминланаётгани, фидойи газчиларнинг тунни кунга улаб меҳнат қилаётгани туфайли олис ҳудудлар хонадонларига ҳам газ етиб бораётгани кўз олдимизга келади. Юзага келган муаммолар ўз вақтида ўрганилиб, ечими топилади.
Сурхондарё тарафларга ҳали бўктириб қор ёғмаган бўлса-да, қиш қишлигини қилмоқда. Баланд тоғлар чўққисига тушган оппоқ қорнинг изғиринли совуғи шаҳар ва қишлоқларга аллақачон етиб келган. Қуруқ совуқдан эрталаб ва тунда танангиз жунжикади. Ҳадемай бу тарафларга ҳам қалин қор ёғиб, ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетса ҳам ажабланмаймиз. Кексаларнинг айтишича, қишдаги бу илиқ кунлар кетидан изғиринли совуқ келиб қолиши ҳеч гап эмас.

Гарчанд янги йилнинг илк кунларида ҳарорат мўътадил бўлса-да, вилоят газчилари ўз ишига масъулият ҳисси билан ёндошиб, 24 соатлик иш режимида хизмат кўрсатмоқда. Ҳаммамиз яхши биламизки, истеъмолчиларга табиий газ юқори ва паст босимли қувурлар билан газ тақсимлаш пунктлари орқали етказилади. Беҳосдан қувурнинг ёрилмаслиги ёки газ тақсимлаш пунктида носозлик юзага келмаслига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Ана шундай кутилмаган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш, табиий газ узилишига қисқа вақтда чек қўйиш учун жойларда 104 авария диспетчерлик хизмати ҳамда 1104 Call марказлар фаолият юритмоқда. Ҳали жуда совуқ кунларни бошдан ўтказмаётган бўлсак-да, ҳудудлардаги диспетчерлик хизмати ва Call марказ операторларига туну кун иш топилиб турибди. Уларга келиб тушаётган мурожаатлар эътиборсиз қолаётгани йўқ. Ҳар бир мурожаат ўз вақтида ўрганилиб, амалий ечим топилмоқда. Масалан, Термиз шаҳри Дўстлик маҳалласида яшовчи Ҳамза Назаров хонадонидаги “ақлли” ҳисоблагич қарздорлик туфайли ўчиб қолган. Уни қайта ёқишни хонадон эгалари тушунмагани учун уларга қийинчилик туғдирган. 1104 Call марказга мурожаат қилишгач, шаҳар газ таъминоти бўлими ходимлари кўмагида ҳисоблагич қайта ёқиб берилди.

Бошқа бир ҳолатда Термиз шаҳридаги Мангузар маҳалласининг газ қувурида юзага келган авария тўғрисида шаҳар газ таъминоти бўлимининг 104 рақамли авария диспетчерлик хизматига мурожаат келиб тушди. Авария ҳолати зудлик билан бартараф этилиб, истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш қайта тикланди.
Мутахассислардан олинган маълумотларга кўра, вилоят маркази истеъмолчиларининг асосий қисми Термиз шаҳри Саховат маҳалласидаги газ маромлаш пункти орқали табиий газ билан таъминланади. Ўтган йили ёзда бўлғуси қишнинг совуқ кунлари тармоқда муаммолар юзага келмаслиги учун газ маромлаш пунктида газ қувури тартибга келтирилиб, кесими 219 миллиметрли ер ости газ қувури ер устига чиқарилди. Бу иш қишда ҳам аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг табиий газ таъминотини янада яхшилаш имкониятини яратди.
Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларнинг табиий газ босими пасайиши, суюлтирилган газ билан боғлиқ масалалар, маиший газ баллон ажратиш, ҳисоб-китоб масалалари бўйича 1104 Call марказига, газ сизиб чиқиш ҳолатлари юзасидан 104 диспетчерлик хизматига мурожаатлари қабул қилинмоқда. 24 соатлик иш режимида ишлаётган ходимлар бу мурожаатларнинг барчасини ўрганиб, муаммони ўз вақтида бартараф этаётир.

–Куз-қиш мавсумида мурожаатлар кўпайиб, ишимиз янада ортади, –дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали ахборот хизмати раҳбари Азиз Машрапов.¬Рақамларга ёндашадиган бўлсак, жорий куз-қиш мавсумининг ўтган даврида 1104 cалл марказ операторлари вилоятда ўн мингдан ортиқ мурожаатни қабул қилган. Улар асосан қарздорлик тўлови кеч тўлангани учун автоматик тарзда ўчиб қолган ҳисоблагични қайта ёқиш, алоқага чиқмай қолган ҳисоблагичларни қайта алоқага чиқариш каби масалаларда бўлиб, барчаси ижобий ҳал этилган. Шунингдек, газ таъминоти филиалидаги марказий диспетчерлик хизмати томонидан барча жараёнлар онлайн режимда кузатиб борилмоқда. Қабул қилинаётган мурожаатлар, авария ҳолатлари газ таъминоти бўлимларига тезкор йўналтирилиб, ечими топилмоқда.
Мавсумнинг яна бир нозик томони шундаки, юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатлари, носозликларни зудлик билан бартараф этиш учун зарур материаллар, эҳтиёт қисмлар керак бўлади. Ўтган йилги изғиринли кунлардан сабоқ олган воҳа газчилари филиалнинг барча бўлимларида захира омборхоналари ташкил этиб, зарур материал ва эҳтиёт қисмлар билан таъминланди. Етарли миқдорда 52 турдаги эҳтиёт қисм омборларга захира қилинди. Шунингдек, вилоят марказий омборхонасида ҳам қўшимча захира эҳтиёт қисмлар жамланди. Турли ўлчамдаги қувурлар, карбид, пайвандлаш учун зарур жиҳозлар мавсумга тахт қилиб қўйилди. Қишда авария ҳолати юзага келадиган бўлса, носозликни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилди. Ҳудудлардаги авария-диспетчерлик қисмларида доимий навбатчилик гуруҳлари учун махсус автотранспорт воситаси, пайвандчи, 2 нафар чилангар ажратилган бўлиб, улар смена асосида доимий иш олиб боради. Барча гуруҳлар махсус мобиль алоқа воситалари билан таъминланган. Вилоят марказий диспетчерлик пунктига келиб тушаётган мурожаатлар ҳудудларга тезкорлик билан етказилмоқда. Қишли-қировли кунларни беталофат ўтказишга бел боғлаган вилоят газчилари истеъмолчилардан фойдаланилган ёқилғи учун тўловни ўз вақтида амалга ошириш, газдан тўғри фойдаланиш ва хавфсизликни таъминлашни сўрамоқда, холос.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири