Газ тармоқларини мукаммал таъмирлаш якуний паллада
Юртимизга кириб келган куз фаслида коммунал хизмат кўрсатиш идоралари томонидан қаҳратон қишга тайёргарлик ишлари жадал босқичга киради. Хусусан, "Ҳудудгаз Наманган" газ таъминоти филиали томонидан бу борада бир қатор амалий юмушлар қилинмоқда.
Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги Давлатобод маҳалласи ҳудудида жойлашган 6-кичик ноҳиядаги кўп қаватли уйларни табиий газ билан таъминловчи ер ости паст босимли газ тармоғини мукаммал таъмирлаш ишлари изчил давом этмоқда.


– Белгиланган режа асосида жами 4,2 километр газ тармоғини таъмирлаш кўзда тутилган бўлиб, айни пайтда 4 километр қисмида ишлар бажарилиб, бу умумий режанинг қарийб 95 фоизини ташкил этади, – дейди "Ҳудудгаз Наманган" газ таъминоти филиали масъул ходими Насиба Абдуллаева. – Таъмирлаш ишлари газ тармоғининг техник ҳолатини яхшилаш, унинг барқарор ва хавфсиз ишлашини таъминлаш ҳамда кўп қаватли уйлардаги истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш ишончлилигини оширишга қаратилган.

Айни пайтда қолган 200 метр тармоқда ҳам зарур таъмирлаш ишларини якунлаш чоралари кўрилмоқда.

Бу каби қишга ҳозирликка қаратилган чора-тадбирлар Наманган вилоятининг барча туманларида ҳам амалга оширилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.