Газ таъминотидаги муаммолар бартараф этилмоқда
Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида газ тармоқларини 2025-2026 йилги куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари якунланиб, истеъмолчиларнинг табиий газдан фойдаланишига янги имкониятлар яратилди.
“Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” газ таъминоти филиали томонидан куз-қиш мавсумида табиий газни барқарор етказиб бериш мақсадида олдиндан режалаштирилган жадвал бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилди.

Оролбўйининг шаҳар ва туманларида газ тармоқларининг 59,1 километрини реконструкция қилиш, 8, 5 километрини эса капитал таъмирлаш ишлари ўз вақтида уддаланди. Шунингдек, 3 минг 568 та газ тақсимлаш пунктининг 25 тасида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Газ тармоқларини ҳаво босими остида синаш ва тозалаш ишлари режадан ортиқ бажарилиб, 899,2 километрлик ер ости газ тармоғининг техник ҳолати махсус ускуналар ёрдамида текширилди. 644,1 километр газ тармоғига қайта ишлов берилди. Ушбу амалга оширилган ишлар натижасида куз-қиш даврида 43 минг 760 та хонадоннинг газ таъминоти яхшиланиб, хавфсиз фойдаланишларига замин яратилди.

Жумладан, Беруний туманида жорий йилда режадаги 0,5 километр ўрнига 1,6 километр газ тармоғи реконструкция қилиниб, 2 та газ тақсимлаш пунктида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, 45,6 километр ер усти газ тармоғи ҳаво босими ёрдамида синовдан ўтказилиб, 54,5 километр ер ости газ тармоғининг техник ҳолати кўздан кечирилди.
Ҳозирги вақтда соҳа мутахассислари томонидан тумандаги “Шаббоз” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Тарбоқ” овулида 2,9 километрлик ўрта босим газ тармоғини капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Туманда тез орада газ тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари якунланиб, 896 та хонадоннинг газ таъминоти янада яхшиланиши кўзда тутилган.
Бу борадаги ишлар Оролбўйининг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА