Газ таъминотида узилишлар бўлмайди
Президентимиз раҳнамолигида аҳоли турмуш шароитини юксалтириш, хусусан, газ, электр, ичимлик суви билан таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Бу соҳада Жиззах вилоятида ҳам муайян ишлар қилинмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида аҳоли турмуш шароитини юксалтириш, хусусан, газ, электр, ичимлик суви билан таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Бу соҳада Жиззах вилоятида ҳам муайян ишлар қилинмоқда.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 ноябрдаги “Электр энергияси ва табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятда қиш мавсумида хонадонлар ва ижтимоий соҳа объектларининг табиий газ билан узлуксиз таъминланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жиззах шаҳрида 30 мингга яқин истеъмолчи табиий газдан фойдаланади. Бу арзон ва қулай ёқилғи “Марказгазтаъминот” унитар корхонасининг “Жиззахшаҳаргаз” филиали томонидан истеъмолчиларга 43,7 километр юқори босимли, 190 километр ўрта ва 243,5 километр паст босимли узатиш қувурлари орқали етказиб берилмоқда.
Шаҳар ҳокимлигининг 2015-2016 йил қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича ишлаб чиқилган дастурига мувофиқ, газ узатиш тармоқларини реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш, газ асбобларини техник ва профлактик кўрикдан ўтказиш ишлари ниҳоясига етказилди. 8,2 километр газ узатиш қувури реконструкция қилинди, 20 километри босим остида техник синовдан, 16 километри махсус асбоблар орқали текширувдан ўтказилди.
– Қиш мавсумида табиий газнинг меъёрда ва узлуксиз бўлиши узатиш тармоқларининг бенуқсон ишлашига боғлиқлиги ҳисобга олиниб, реконструкция, таъмирлаш, профлактик кўрикдан ўтказиш ишлари тўлиқ ва сифатли бажарилди, – дейди “Жиззахшаҳаргаз” филиали раҳбари Рустам Аҳмаджонов. – Қиш даврида газ тармоғидаги носозлик ва таъминотдаги узилишларни тезкорлик билан бартараф этиш учун филиалнинг авария диспетчерлик хизмати шай ҳолатга келтирилди. Авария хизмати махсус жиҳозланган “Damas” автомашинаси, узлуксиз ишлайдиган телефон алоқаси билан таъминланди.
Мавсумга ҳозирлик кўришда ижтимоий муассасаларга газ узатувчи тармоқларни созлаш, камчиликларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилди. Наврўз маҳалласининг Ўзбекистон, Боғдон, Жиззахлик маҳалласининг Мустақиллик, “Бобур” маҳалла фуқаролар йиғинининг Қалия кўчаларидаги ижтимоий муассасалар ва хонадонларга газ узатиш тармоқларини реконструкция қилиш ишлари белгиланган муддатларда бажарилди. Таълим ва тиббиёт муассасаларининг газ узатиш тармоқлари тўлиқ профлактик текширувдан ўтказилиб, камчиликлар бартараф этилди.
– Ҳудудимиздаги еттита газ тақсимлаш шохобчаси таъмирланиб, синовдан ўтказилди, – дейди “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Раҳима Ризаева. – Газ узатиш тармоқлари ва тақсимлаш шохобчалари созлигини текшириш, профлактик кўрикдан ўтказиш жараёнларида мутахассислар билан биргаликда маҳалламиз фаоллари ҳам иштирок этаётгани камчиликларни сифатли бартараф этишга хизмат қилаётир.
Қишки иситиш мавсумига тайёргарлик ишларида шаҳардаги барча маҳаллаларда жамоатчилик назоратининг амалга оширилаётгани газ корхонаси ходимларига амалий ёрдам бўлмоқда. Газчилар ва жамоатчилик вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар корхона, муассаса ҳамда хонадонларда бўлиб, тушунтириш ишлари олиб бораётир. Ушбу тадбирларда табиий газдан тежамкорлик билан фойдаланиш, айниқса, истеъмолчиларнинг табиий газдан қарздорлигини ундиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.