Газ таъминотида муаммо бўлмайди
Бухорода “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида соҳа ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбирда вилоятда аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш ҳамда сервис хизмат кўрсатиш, хавфсизликни таъминлаш, соҳада турли мавжуд камчиликларнинг олдини олиш, қонун бузилишларига йўл қўймаслик борасида олиб борилаётган самарали ишлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, икки босқичли тизимга ўтиш, қарздорликнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган жараёнлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, Бухоро вилоятида “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали томонидан 268 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари табиий ва 167 мингдан ортиқ истеъмолчилар суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. Табиий газ истеъмолчиларига газ таъминоти филиали тасарруфида бўлган 7625,6 километр газ қувурлари ва 5683 газ маромлаш пунктлари орқали етказиб берилмоқда. Газ таъминоти филиали ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилда мавсумга тайёргарлик ишлари самарали ташкил этилди. Жараёнлар эса айни дамда барча туман ва шаҳарларда давом этмоқда.
Матбуот анжумани давомида бу бўйича батафсил маълумот берилди. Хусусан, газ тақсимлаш пунктларида капитал таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилганлиги, 4044 дона газ маромлаш қурилмалари тафтиш қилинганлиги, жараёнлар 66 фоизга бажарилганлиги айтиб ўтилди. Қатор ҳудудларда газ қувурлари реконструкция қилиниб, ер ости газ қувурлари ер устига чиқарилмоқда. Шунингдек, 167 мингдан ортиқ суюлтирилган газ истеъмолчиларига газ баллонларини етказиб бериш ва газ тўлдириш шохобчаларида бу борада олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Ярим йил давомида 15 минг тоннадан ортиқ суюлтирилган газ берилганлиги қайд этилди. Жойларда газ баллонлари назорат тарозиларида ўлчаб ва тўловлар доим махсус карталарда тўланганлиги, газ баллонлари 35 кунга бормай етказилаётганлиги таъкидланди. Ҳар бир амалий иш видеолавҳалар асосида кўрсатиб ўтилди.
[gallery-12939]
Маълумки, юртимизда деярли барча соҳада инновацион янгиланишлар кузатилмоқда. Шубҳасиз, бу янгиланиш газ тизимида ҳам бўй кўрсатди. Матбуот анжумани давомида шу ҳақида ҳам тушунтириш берилди. Уй ичи газ жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш ҳамда хавфсизликни таъминлаш, белгилаб берилган нархномалар тўғрисида ҳам таъкидлаб ўтилди. Бугун ҳар бир истеъмолчи кўрсатилган техник хизмат учун тўловларни онлайн амалга ошириши мумкинлиги билдирилди. Шунингдек, мавсум давомида газ жиҳозларини соз ҳолатга келтириш лозимлиги, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш ва дудбуронларнинг тўғри ўрнатилиши ҳақида батафсил маълумо берилди.
Тадбир сўнгида журналист ва блогерлар томонидан саволлар, таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА