Ўзбекистонда газ таъминоти тизимини модернизация қилиш, тармоқларда самарадорликни ошириш ва замонавий ҳисобга олиш усулларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда халқаро компаниялар билан ҳамкорлик алоқалари кенгайиб, соҳада рақамли ечимларни амалиётга татбиқ этиш тизимли олиб борилмоқда.
Яқинда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятининг БААнинг "International Holding Company" таркибига кирувчи "Esyasoft Holding Ltd" компанияси билан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаши ҳам бу ишлар давоми ҳисобланади.

Учрашув чоғида “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг сўнгги йилларда эришган натижалари таҳлил қилинди. Шунингдек, рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали газ тақсимоти тизимини янада шаффоф, хавфсиз ва самарали тарзда бошқариш имкониятлари муҳокама этилди.
Таъкидлаш керакки, мазкур ҳужжат газ таъминоти тармоқларини рақамлаштириш ва уларни замонавий бошқарув тизимига ўтказишда муҳим аҳамият касб этади.
"Esyasoft Holding" халқаро миқёсда тўпланган тажрибаси билан ажралиб туради. Компания Яқин Шарқ, Осиё ва Европа давлатларида интеллектуал ҳисоб ва назорат тизимларини жорий этиб, 30 миллиондан зиёд истеъмолчини қамраб олган йирик лойиҳаларни амалга оширган.

Компания вакиллари ўз маблағ ва имкониятларидан фойдаланган ҳолда тармоқларда газ ҳажмини аниқ ҳисобга олиш, йўқотишларни камайтириш ҳамда “ақлли” бошқарув ечимларини амалга татбиқ этиш бўйича таклифларини тақдим этишини маълум қилдилар.
Жамият ахборот хизматига кўра, икки томон ўртасида имзоланган ушбу меморандум газ таъминоти соҳасини ривожлантириш ва рақамли бошқарувни жорий этишда янги йўналишларни очиб беришга хизмат қилади.
Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА