Газ баллонлари ўз вақтида етказилмоқда
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиали матбуот хизматининг хабарига кўра, жорий йилда Бухоро вилояти аҳолиси учун 26 744,440 тонна суюлтирилган газ бериш режаси белгиланган. Бугунга қадар ушбу режа 19 443,320 тоннани ташкил этади.
287 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 170 мингдан ортиқ суюлтирилган газ баллони истеъмолчиларига ҳар бир газ тўлдириш шохобчалари орқали газ баллонлари ўз вақтида етказиб берилмоқда.

“Вобкент” газ тўлдириш шохобчасида фаолият олиб бораётган 13 нафар ходим хавфсизлик қоидаларига амал қилган ҳолда газ баллонларини белгиланган тартибда тўлдириб, ўз вақтида етказилишини таъминлаб келмоқда. Хизмат сифатини янада яхшилаш ҳамда натижадорликни ошириш мақсадида 12 та ИСУЗУ автотранспорт воситаларида газ баллонлари Вобкент, Шофиркон ҳамда Бухоро туман фуқароларига белгиланган режа-график асосида тарқатилмоқда. Ушбу газ тўлдириш шоҳобчаси орқали жами 51 минг 566 нафар истеъмолчи газ баллонлари билан таъминланади.

–Бугун олдимизда турган асосий мақсад аҳолини бир маромда газ билан таъминлаш ҳамда ўз вақтида газ баллонларини етказиб бериш экан, – дейди газ таъминоти филиали ходими Азиз Расулов. –Вилоятдаги барча газ тўлдириш шохобчаларида имкониятлар кенгайтирилди. Қўшимча 6 дона газ қуйиш ускуналари, 3 дона компрессор ва 1 дона насос ўрнатиш ишлари амалга оширилди.

Зариф Комилов, ЎзА